Сўнгги кунларда Ўзбекистон ва Қирғизистондан борган мигрантларнинг аэропорт ва қуруқликдаги назорат пунктларида Россияга кириши оммавий равишда чекланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бу ҳолат бўйича маълумот берди.

Тарқалган хабарларда айтилишича, Россия шу вақтгача бошқа бирор давлат фуқароларига мамлакатга киришда бундай кенг миқёсдаги тақиқни қўймаган, мигрантларни кириш вақтида оммавий ҳибсга олиш 24 апрель куни бошланган. 1 майга қадар Россия аэропортларида 4500 га яқин одам тўпланган ва тахминан шунча одам ерусти назорат пунктларида федерацияга киритилмаган, дейилади хабарда.

Келтирилишича, чегарада ушлаб турилганларнинг ярмига яқини Ўзбекистон, чорак қисми Тожикистон, қолгани асосан Қирғизистон фуқароларидир.

«Ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик 24 апрелдан бери чегарачилар томонидан тўхтатилган мигрантлардан икки юзга яқин сўров олган. Одамларнинг аксарияти икки кун ичида ортга қайтариб юборилмоқда, аммо баъзи ҳолларда бу бир ҳафтагача давом этиши мумкин. Ушланганлар уларга овқат ва сув берилмаётганидан, ҳожатхонага чиқолмаётгани, телефонлари олиб қўйилганидан ва ҳолат бўйича ҳеч нарса тушунтирилмаётганидан шикоят қилмоқда», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Россияга рўмол ўраган аёллар ва соқолли эркаклар киритилмаётгани ҳақида ҳам сўз борган. Кириши тақиқланганларнинг аксарияти аввал ҳам Россияда ишлаган фуқаролардир, дея таъкидлайди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат бўйича Россиядаги ваколатхона билан боғланганини хабар қилди. Унга кўра, вазиятни ўрганиш мақсадида Москва шаҳридаги аэрпортларнинг масъул ходимлари билан боғланилган.

«Москва шаҳридаги Домодедово, Внуково, Шереметьево аеропортларида Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудига қўйилмаётгани ёки узоқ вақт давомида ушлаб туриш ҳолатлари кузатилмаётгани аниқланди», — дейилади изоҳда.

Келтирилишича, автомашиналар орқали Россияга кириб бориладиган Оренбург, Самара, Саратов вилоятларидаги «Озинки», «Маштаково», «Сагарчин» божхона чегара постларидаги ҳолатлар ҳам ўрганилган. Ушбу чегара постлари доимий иш тартибида ишлаётгани, Ўзбекистон фуқаролари бирон-бир тўсиқларсиз Россия ҳудудига кираётгани малум бўлди, дея хабар берди агентлик.

Аввалроқ Тожикистон ТИВ мамлакат фуқароларига «жиддий заруратсиз» Россияга саёҳат қилишдан вақтинча тийилишни тавсия қилганди. Бунгача сўнгги бир неча ҳафта ичида фуқароларнинг Россияга киришига оммавий тўсқинлик қилинаётгани айтилганди.

Россия ТИВ Россия ва Қозоғистон чегарасида хорижликларни текшириш заруриятини «террорчилик таҳдидининг сақланиб қолаётгани» билан изоҳлаб, «чегарани кесиб ўтган шахсларнинг фуқаролигидан қатъи назар» барчаси текширилаётганини маълум қилган.

  • 22 март куни Москва вилоятидаги «Крокус сити ҳолл» концерт залига бир неча қуролланган шахс бостириб кириб, ўт очган. Теракт оқибатида 140 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 360 дан ортиқ киши жароҳатланган, 11 киши терактни содир этганликда гумонланиб ҳибсга олинган, асосий айбланувчилар сифатида Тожикистонлик мигрантлар кўрилган. Шунинг фонида Россияда мигрантларга қарши чоралар, масалан, виза режимини жорий этиш, ҳуқуқбузарликлар учун депортация қилиш, шунингдек, патентларни чеклаш кабилар ҳақида мунозаралар кучайди.

29 апрель куни Тожикистон томони Россияда фуқароларининг ҳуқуқлари «кенг миқёсда поймол этилаётганидан» хавотир билдириб, Россия элчисига норозилик нотаси топширди.