Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги тўқайзорда юз берган ёнғинда дастлаб айтилганидек 1500 та эмас, 775 та дарахт ва бута ёнган. Бу ҳақда туман экология бўлимига таяниб, Kun.uz маълум қилди.

Апрель ойи сўнгида туманнинг Қорахитой қишлоғида номаълум шахс мевали ва манзарали дарахтларни ёқиб юборган, ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган эди.

Маълум бўлишича, дарахтларнинг ёқиб юборилиши оқибатида табиатга 459 миллион 652 минг сўм зарар етказилган.

Бўлимнинг аниқлик киритишича, ерни аукциондан олиб, уни муҳофаза ҳудудига қайтариш ва эгалик ҳуқуқларини бекор қилиш бўйича прокуратурага сўровнома киритилган.

«Ёниб кетган дарахтлар балки бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Тўқайзор бўлгани учун ичкарига кириш қийин, баъзи жойи сув ёки ботқоқдан иборат бўлгани учун киришнинг иложи йўқ», — дейди бош мутахассис Бобур Холтожиев.