Ўзбекистонда чет эл автомобилларини вақтинча олиб киришда йиғим ҳисоблаш тартиби ўзгартирилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 1 майдаги қўшма қарорида кўзда тутилган.

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бугунги кунда хориж фуқаролари бир календарь йили ичида 90 кунгача бўлган муддатга бож ва солиқларни тўламасдан Ўзбекистонга ўз автомобиллари билан киришлари мумкин. Бироқ ундан фақат нотижорат мақсадларда фойдаланиш мумкин. 90 кунлик муддатдан кейин машинани мамлакатдан олиб чиқиб кетиш керак.

Агар 90 кунлик муддат тугаса, хориж фуқаролари автомашиналарининг Ўзбекистонда қолиш муддатини узайтириши мумкин. Бунинг учун тўлов мавжуд. Бунга кунига ҳар бир автомобиль от кучи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,7% миқдорида йиғимни тўлаш шарти билан йўл қўйилади.

Эндиликда бу миқдор ҳар бир кечиктирилган кун учун 1 БҲМ бараварида бўлади. Масалан, БҲМ ставкаси 340 минг сўм бўлса, 100 от кучига эга автомобиль учун муддатни бир кунга узайтириш 238 минг сўмни, 30 кунга эса 7,14 миллион сўмни ташкил этган. Энди бу миқдор 10,2 миллион сўмни ташкил этади. Агар автомобиль қуввати 143 от кучидан ошса, унда янги ҳисоб-китобларга кўра автомобилни олиб кириш эскисига қараганда арзонроқ бўлади.

90 кунлик муддатни ҳисоблаш энди транспорт воситасини вақтинча олиб кириш рўйхатга олинган кундан бошлаб ҳисобланади.