6 май куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари — Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Соймўмин Ятимов учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Музокараларда томонлар минтақавий хавфсизликни таъминлашга оид барча муаммолар тўпламини атрофлича муҳокама қилди. Терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, ноқонуний миграция, контрабанда ва трансчегаравий характердаги бошқа таҳдид ва хатарларга қарши курашиш каби долзарб соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, томонлар давлатлар ўртасида чегарадош ҳамкорлик ва, умуман олганда, яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига тўхталиб ўтди.

ДХХга кўра, мулоқот чоғида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегараларини делимитация қилиш билан боғлиқ кун тартибидаги масалалар, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегараларни демаркация қилиш масалалари конструктив тарзда кўриб чиқилди.

Учрашув иштирокчилари қирғиз-тожик чегараларини делимитация қилиш ва ўзбек-қирғиз давлат чегараларини демаркация қилиш жараёнларини жадаллаштириш бўйича келишувларга эришди ва томонларнинг ўзаро манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ушбу масалаларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаб олди.

Музокаралар якунида Қирғизистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси аъзоларига чегаранинг қолган участкаларини мувофиқлаштириш, шунингдек, тегишли икки томонлама шартномани тайёрлаш ва имзолаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.