Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилоятида салкам 1,4 кг олтинни Ўзбекистондан ноқонуний олиб чиқиб кетишга уринган шахсларни ушлагани ҳақида хабар берди.

Маълум бўлишича, Андижон шаҳри ва Андижон туманида яшовчи 4 нафар шахс «Дўстлик» чегара-божхона пости орқали мамлакатдан Қирғиз Республикасига занжир, тиш қолипи ҳамда лом шаклидаги тилла буюмларни кийимлари ичига яширган ҳолда олиб чиқиб кетишга уринган вақтларида ушланди. Экспертиза хулосасига кўра, уларда асиллик даражаси 997 бўлган, жами вазни 556 гр, умумий баҳоси 474 млн 256 минг сўмлик олтин буюмлар ва қотишмалари борлиги аниқланди.

Бошқа ҳолатда эса Избоскан туманида яшовчи аёл «Маданият» чегара-божхона пости орқали Қирғизистонга чиқиб кетаётган вақтида тўхтатиб қолинди. Унда занжир ва лом кўринишидаги, 431,8 млн сўмлик умумий вазни 568 гр олтин борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.

Шунингдек, унинг Наманган туманида яшовчи аёл шериги ҳам 249,2 млн сўмлик 271 гр занжир ва ностандарт қуйма тиллаларни ноқонуний олиб чиқиб кетаётган вақтида тўхтатиб қолинди. Аниқланишича, улар буюмларни Қирғиз Республикаси орқали Туркияга олиб кетишни режалаштиришган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.