Апрель ойи охирида АҚШ ҳукумати Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужум пайтида қўлланиши мумкинлигидан хавотирланиб, Исроилга 3500 та бомба етказиб беришни тўхтатди, деб ёзади New York Times ва AP нашри.

Уларга кўра, президент Жо Байден 1,8 минг 900 килограммлик ва 1,7 минг 225 килограммлик бомба юкларини етказиб беришни тўхтатган. Қўшма Штатлар бир миллиондан ортиқ фаластинлик қочқинлар бошпана бўлаётган Рафаҳнинг зич шаҳар муҳитида исроиллик ҳарбийлар бундай йирик бомбалардан фойдаланишидан хавотирда, дея таъкидлайди AP.

Президент маъмурияти ҳозирда қурол-яроғларни, жумладан, кузатув тизимларини етказиб беришни тўхтатиб қўйишни ҳам кўриб чиқмоқда, дея хабар беради NYT манбалари.

Axios 5 май куни Америка Қўшма Штатлари Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатганини ёзди — бу 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС Исроил ҳудудига ҳужум қилганидан бери биринчи марта содир бўлди. Нашр суҳбатдошларининг аниқлик киритишича, бу қадам Исроил ҳукуматида жиддий хавотир уйғотган.

Axios`нинг қайд этишича, Байден Исроилни қўллаб-қувватлашга қарши чиққан Америка жамоатчилигининг кескин танқидига дучор бўлмоқда. Февраль ойида Оқ уй Исроилдан Ғазо секторидаги исроиллик ҳарбийлар Америкада ишлаб чиқарилган қуроллардан халқаро қонунларга мувофиқ фойдаланиши ҳақида кафолат беришни сўраган эди. Март ойида Исроил кафолат хатини имзолади.

NYT манбасининг айтишича, АҚШ президенти маъмурияти ўтган ой Исроил ҳукумати Рафаҳда ҳарбий операция ўтказишга қарор қилгани аниқ бўлгач, Исроилга қурол етказиб беришни кўриб чиқишни бошлаган. Байден дастлаб Исроил тинч аҳоли қурбонларини камайтириш режасисиз Рафаҳга бостириб кирмаслиги керак, деб ҳисоблаган, бироқ Оқ уй сўнгги ҳафталарда бундай режанинг амалга ошишига умуман ишонмаслигини айтган.

7 май куни Исроил мудофаа кучлари (ИМК) Ғазо секторидан Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти устидан назорат ўрнатилгани ҳақида эълон қилди. Исроил ҳарбийлари Рафаҳда қолган ҲАМАС баталонларини йўқ қилиш учун «мақсадли» операция бошлаганини айтди. Бир кун аввал ИМК Рафах шарқида аҳолини шаҳардан 20 км узоқликда жойлашган «кенгайтирилган гуманитар ҳудуд»га эвакуация қилишга чақирган эди.