Президентнинг гиёҳвандлик ва наркожиноятга қарши курашишга қаратилган фармонига кўра, Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази Президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази этиб қайта ташкил этилди.

Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари

  • республикада гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазиятни ҳудудлар кесимида илмий-амалий ва ахборот-таҳлилий жиҳатидан тизимли равишда чуқур ўрганиб бориш, асосий омиллар ҳамда тенденцияларни аниқлаш ва прогноз қилиш;
  • гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини шакллантириш, бу борада қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш чораларини кўриш;
  • гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар томонидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини эксперт жиҳатдан баҳолаш, бу борада ягона ахборот алмашуви ва идоралараро ҳамкорликни ташкил этиш;
  • гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш соҳасида хорижий давлат тузилмалари ҳамда халқаро ташкилотлар билан манзилли ҳамкорликни ўрнатиш, мазкур соҳада халқаро фаолиятни тартибга солувчи конвенциялар доирасида Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан БМТга йиллик маърузалар тайёрлаш;
  • гиёҳвандликнинг олдини олиш ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича илғор миллий ва хорижий тажрибаларни доимий ўрганиш ҳамда унинг натижаларини жорий этиш ва оммалаштириш бўйича методика, таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш;
  • гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш самарадорлигини ошириш йўналишида миллий ва халқаро конференциялар ҳамда симпозиумларни ўтказиш чораларини кўриш, масъул давлат органлари ва ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув семинарларни ташкил этиш.

Миллий марказ, шуниндек:

  • Давлат комиссияси томонидан ҳар йили тасдиқланадиган миллий дастурлар ижросини мунтазам мониторинг қилиб, белгиланган чора-тадбирлар сифатли ҳамда ўз вақтида ижро этилиши бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотларга тақдимнома, таклиф ва тавсиялар киритади;
  • гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш соҳасида эришилган натижалар ва аниқ кўрсаткичлар акс эттирилган батафсил ахборотни доимий равишда кенг жамоатчиликка етказиб боради;
  • ҳар чоракда миллий стратегияни амалга ошириш бўйича миллий дастурлар ижроси ҳамда республикадаги гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазият юзасидан умумлаштирилган ҳисоботни Давлат комиссиясига киритади;
  • ҳар йилнинг якунида миллий стратегиянинг ижроси ҳамда республикада гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар натижаларини акс эттирувчи йиллик миллий маърузани тайёрлайди ва уни президент ҳузурида муҳокама қилиш учун киритади.

Миллий марказ директори ҳамда унинг ўринбосари мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, ижтимоий ҳимояси ва тиббий хизмат кўрсатиш тартиби бўйича тегишинча президент маслаҳатчиси ўринбосари ва Президент администрацияси шуъба мудирига тенглаштирилади.

Миллий марказнинг раҳбарлар ва ходимларига нисбатан президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти раҳбарлари ва ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, ижтимоий ҳимояси ва тиббий хизмат кўрсатиш тартиби қўлланади.

Миллий марказга бериладиган ҳуқуқлар

  • маҳаллий ва хорижий олимлар ҳамда юқори малакали, шу жумладан, ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассисларни шартнома асосида тадқиқотлар олиб бориш ва дастурий таъминотни амалга оширишга жалб қилиш;
  • тадқиқотлар олиб бориш ва кадрлар тайёрлаш бўйича халқаро ташкилотлар, жамғармалар, маҳаллий ва хорижий тадқиқот марказлари ва таълим муассасалари билан белгиланган тартибда шартномалар тузиш;
  • ноширлик фаолиятини амалга ошириш, ахборот-таҳлилий шарҳлар, маърузалар, илмий-таҳлилий ахборотномалар ва бошқа нашрларни чоп этиш;
  • миллий марказга юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида тегишли давлат органлари ва ташкилотлардан зарур статистик, таҳлилий ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш.

Марказни молиялаштириш манбалари

  • ҳар йили тасдиқланадиган параметрлар доирасида ажратиладиган Ўзбекистон Давлат бюджети маблағлари;
  • Президент администрацияси фаолиятига кўмаклашиш жамғармаси маблағлари;
  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган грант танловлари натижалари асосида ажратиладиган маблағлар;
  • халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грант ва мақсадли маблағлари;
  • қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Миллий марказнинг даромадлари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Президент фармони билан бу ерда батафсил танишишингиз мумкин.