Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш жойларида маҳкумлар учун масофавий видеоучрашувлар ташкил этиш имкониятини яратиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.

Бу президентнинг 2017 йил 11 августдаги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги қарорида назарда тутилган.

2023 йилнинг 1 декабридан 2024 йилнинг 1 февралига қадар 7-сонли ахлоқ тузатиш колониясида эксперимент тариқасида маҳкумлар билан масофавий хавфсиз видеоалоқа ташкил этилган. Inm International томонидан ўрнатилган Prisoline тизими ижобий баҳо олди, дейилади изоҳ материалида.

Шу боис компанияни ИИВ тизимидаги барча жазони ижро этиш жойларида онлайн учрашув учун видеоалоқа тизимларини ташкил этишга жалб қилиш ва у билан давлат-хусусий шериклик доирасида 10 йилга тўғридан-тўғри шартнома тузиш режалаштирилган.

Маҳкум ахлоқ тузатиш муассасаси маъмурияти назорати остида ўтказиладиган онлайн учрашув хизмати учун пул тўлаши керак бўлади.

Inm International компанияси ҳақида

inm international, иив, онлайн учрашув

Устав капитали 10 миллион сўм бўлган Inm International компанияси 2018 йил июль ойида рўйхатга олинган. Фаолиятининг асосий йўналиши — бошқа устки кийимлар ишлаб чиқариш. Таъсисчи ва директор сифатида Иномжон Иброхимович Олтмишев кўрсатилган.

У, бундан ташқари, 2019 йил май ойидан электрон ва телекоммуникация ускуналари ҳамда уларга эҳтиёт қисмлар улгуржи савдоси билан шуғулланиб келаётган Smart One Club компанияси раҳбари ҳам ҳисобланади. Бу компания Испаниянинг E21Partners Technology компанияси (75 фоиз) ва Ширин Санжар қизи Пўлатовага (25 фоиз) тегишли.