Фирибгарлик ва одам савдоси жиноятини содир этишда айбланаётган, 1979 йилда Самарқанд вилоятида туғилган Рахимов Озод Садуллаевич Истанбул шаҳрининг Фатих туманида қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маълум қилди.

Фото: Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Фото: Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси

У 2024 йилнинг 6 май куни Ўзбекистон ва Туркия ИИВ ҳамкорлигида амалга оширилган тезкор тадбир натижасида ушланган.

Озод Рахимов Самарқанд вилоятида фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда, шунингдек, Истанбул шаҳрида бўлган даврида 2022−2023 йиллар мобайнида бир қанча Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини Туркия-Испания-Никарагуа-Мексика йўналиши бўйлаб АҚШга юборишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан уларнинг ҳар биридан 10−15 минг АҚШ доллари олиб, ваъдасини бажармасдан, ўзининг шахсий манфаатларига ишлатиб юборганликда айбланмоқда.

«Ушбу шахснинг жиноий хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган ватандошларимиздан Бош консулхонага ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига хабар бериш сўралади. Жиноий жавобгарликдан қочиб, хорижий давлатларда, шу жумладан, Туркияда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил равишда давом эттирилади ва жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади», — дейилади консулхона хабарида.