Бу йили ёзда Мўйноқда «Стихия» электрон мусиқа, санъат ва фан фестивали ўтказилади: тўрт кунлик тадбир «кемалар қабристони»да бўлиб ўтади. Унинг дастури ва ижодкорлар рўйхати ҳақида батафсил қуйидаги «Газета.uz» материалида.

«Стихия» фестивали 2018 йилдан буён ҳар йили ўтказилиб келинади. Бу йилги фестиваль яна тарихий аҳамиятга эга жойда — ташкил этилганидан бери ўтказиб келинадиган (ўтган йилдан ташқари) Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида бўлиб ўтади.

Ўтган йили фестиваль Навоий вилоятида бўлган, тадбирга уч мингга яқин иштирокчи, жумладан, бошқа давлатлар — Қозоғистон, Россия, Франция, Германия, Қирғизистон ва бошқа мамлакатлардан келган.

«„Стихия“ шунчаки фестиваль эмас, қайсидир маънода минтақани барқарор ривожлантириш, атроф-муҳит ва маданий меросга ўзаро ҳурмат ва эътибор кўрсатиш йўлидаги ҳаракатдир», — дейди фестиваль ташкилотчилари.

«Стихия» доирасида тўртта дастур ташкил этилади:

  • I Am Still Waiting For You, Jonim — фестивалнинг қоронғу қисми (индустриал техно, трайбл-бейс, ҳардкор ва транс);
  • Lighthouse — фестивалнинг ёрқин томони (иссиқ хаус-ритмлар, прогрессив ва даб-техноси);
  • #BackToMuynak — очиқ саҳна, маҳаллий артистлар;
  • Aq Keme — тажрибалар учун синов майдони (авангард лайвлар ва DJ`лар тўпламлари).

Тадбир иштирокчилари мусиқий чиқишлардан ташқари анъанавий тарзда маҳорат дарслари, мастер-класслар, шунингдек, барқарор ривожланиш ва экологияга бағишланган «Стихия N+1» форумида ҳам қатнашади.

Бу йилги мусиқий гуруҳ таркибида бутун дунёдан 50 дан ортиқ санъаткорлар — халқаро электрон мусиқа саҳнасининг усталаридан тортиб экспериментал гуруҳларгача бор. Фестивалда бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг учта мусиқий гуруҳи — Ўзбекистондан Frumos ва Sublimation, Қозоғистондан ZVUK ўз дастурларини тақдим этадилар.

Тадбир ташкилотчилари бу йил Deena Abdelwahed (Тунис/Франция), Galya Bisengalieva (Қозоғистон/Буюк Британия), Masayoshi Fujita (Япония), PTU (МДҲ) ва Sign Libra (Латвия) каби электроника мусиқа усталари — DJ`ларни таклиф қилишди. Уларининг сўзларига кўра, ҳозирда артистлар рўйхатини кенгайтириш давом этмоқда.

Фестиваль Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда етакчи халқаро экспертлар кўмагида экология соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ечим топиш учун платформа яратиш мақсадида ўтказилмоқда.

«Биз барча ташриф буюрувчиларни табиатга ҳурмат билан қарашга, чиқиндиларни утилизация қилишга ва нимани қайси қутига ташлаётганларига диққат қилишга чақирамиз. Чунки фестивалда чиқиндиларни саралашнинг алоҳида тури кўзда тутилган. Шунингдек, қайта ишлатиладиган термосларни танлаш орқали пластикдан фойдаланишни камайтиришингизни сўраймиз. Хавфсизлик ва тиббий ёрдам кафолатланган, лекин шахсий жавобгарлик ва буюмларингиз хавфсизлигини унутманг», — дея қўшимча қилади ташкилотчилар.

5−8 июнь кунлари бўлиб ўтадиган фестивалга чипталар расмий веб-сайтда мавжуд: stihia.org.