Россия президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Москвада учрашув ўтказди. Улар «Крокус»даги теракт ҳақида суҳбатлашди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар қилди.

Путин Тожикистон президенти Раҳмонга «Крокус»даги терактдан сўнг билдирган ҳамдардлик учун миннатдорчилик билдирди.

«Ҳамдардлик сўзларингиз учун раҳмат. Сиз теракт муносабати билан биринчилардан бўлиб ҳамдардлик билдирдингиз», — деди Путин.

Раҳмон Тожикистон 30 йилдан ортиқ вақтдан бери терроризм ва экстремизмга қарши курашиб келаётганини ва бу муаммо билан бевосита таниш эканини таъкидлади.

«Тожиклар қадимий тарихга, маданиятга, цивилизацияга эга халқдир, бу биз учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Бўлиб ўтган воқеа халқимизнинг имижи, тарихи, маданияти ва урф-одатларига жиддий зарба берди. Бу борада сиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этамиз», — дея қўшимча қилди Раҳмон.

Шу билан бирга, Раҳмон терроризмнинг миллати ва дини йўқлигини, бу глобал муаммо эканини таъкидлади.