Вазирлар Маҳкамасининг 30 апрелдаги қарори билан Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга Шерзод Ходжаев раҳбарлик қилади.

Агентлик 2023 йил октябрь ойида ташкил этилган. 2021 йилда регуляторни ҳукуматдан мустақил, президент ва Олий Мажлисга ҳисобдор қилиш таклиф этилган бўлишига қарамай, орган Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.

Агентлик нафақат электр энергияси, балки табиий газнинг рақобатбардош бозорини тартибга солиш, лицензиялаш ва назорат қилиш, табиий ва суюлтирилган газ бозорида рақобатни қўллаб-қувватлаш, бозор жозибадорлигини таъминлаш, жамият ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш функцияларини бажариши керак эди.

Низомнинг қабул қилинган таҳририда агентлик Вазирлар Маҳкамасидан мустақил эмаслиги ва газ бозорини тартибга солиш функцияларига эга эмаслиги қайд этилган.

Агентлик Тошкент шаҳри Ойбек кўчаси 26-уйдаги бинода жойлашган бўлиб, у ерда Энергетика вазирлигининг Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («Ўзатом») ҳам жойлашган.

Агентликнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозорларини босқичма-босқич ташкил қилишни таъминлаш;
  • бозорда рақобатни қўллаб-қувватлаш, бозорнинг жозибадорлигини ҳамда талаб ва таклифнинг мутаносиблигини таъминлаш;
  • бозорнинг барча иштирокчилари учун тенг ҳуқуқ ва шаффофликни таъминловчи қонун-қоидаларга риоя этилиши устидан давлат назоратини ўрнатиш;
  • бозор иштирокчилари фаолиятини лицензиялаш, уларнинг лицензия шартларига амал қилишини назорат қилиш;
  • 2026 йилдан бошлаб электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш учун ҳамда зарур бўлган бошқа ҳолларда тегишли тарифлар ва тўловлар миқдорларини тасдиқлаш;
  • магистрал ва тақсимлаш электр тармоқларда юзага келадиган технологик йўқотишларнинг рухсат этилган меъёрларини тасдиқлаш;
  • бозор конъюнктураси ва энергия ресурсларига бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишни режалаштириш ва инфратузилмани яратишга қаратилган узоқ муддатли инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;
  • энергетика соҳасидаги қурилиш ва таъмирлаш ишларида маҳаллий товар ва хизматлар харид қилинишини рағбатлантирувчи механизмларни ишлаб чиқиш.

Шунингдек, агентлик электр энергияси нархи масаласида 2026 йилга қадар Идоралараро тариф комиссияси томонидан тарифларни белгилашда бевосита иштирок этади ва келишади. Орган аҳоли учун электр энергияси тарифларини белгилашда ижтимоий ҳимоя механизмларини жорий этади ва тарифларни белгилашда энергетика соҳасида амалга ошириладиган инвестиция режаларини инобатга олади.

2026 йил 1 январдан агентлик Вазирлар Маҳкамасига электр энергияси учун тарифлар ва тўловлар ҳажмини белгилаш бўйича таклифлар киритади.

Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари бош вазирнинг тақдимномасига биноан президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.