Ҳукуматнинг 2024 йил 29 апрелдаги қарори билан давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун ота-оналар тўловининг янги миқдорлари тасдиқлангани ҳақида ёзгандик. Ҳужжатга кўра, тўловлар 1 июндан ўртача 18,7−21 фоизга, кейин эса 2025 йил 1 январдан яна 8,5−10,8 фоизга ошади.

2 май куни АОКАда «Газета.uz» мухбири ҳам қатнашган матбуот анжуманида Мактабгача таълим агентлиги расмийлари давлат боғчаларида ота-оналар тўлови нима сабабдан икки босқичда оширилаётгани юзасидан изоҳ берди.

Агентлик бошқарма бош мутахассиси Исмат Турсунхўжаевнинг таъкидлашича, тарифлар 2021 йил май ойидан буён ўзгаришсиз қолган. 3 йил олдин мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичлари ҳозиргига нисбатан анча паст бўлгани, ота-оналарга юкламани камайтириш, яъни ота-она тўловини ўзгаришсиз қолдириб, болаларни МТТга бериш, таълим-тарбия билан қамраб олиш мақсадида ота-оналарга нарх борасида имтиёзлар берилган.

«Статистик кўрсаткичларга қарайдиган бўлсак, 3 йил давомида меҳнатга ҳақ тўлаш тарифлари 1,4 баробарга, яъни 40 фоизга ошди. Худди шундай, озиқ-овқат маҳсулотлари ёки коммунал тўловлари 2 баробардан ортиқ ошди. Мисол учун, электр энергияси учун тарифлар 2021 йилга нисбатан 2,2 баробарга ошди. Озиқ-овқат нархлари ва бошқа тарифларнинг ошиши, давлат бюджетидан бир болани овқатлантиришга қилинаётган харажатнинг давлат қисми ошиб кетгани — биринчи сабаб.

Иккинчи сабаб — ота-оналарга енгиллик бўлиши учун нархлар оширилмасдан, шу пайтгача сақлаб келинди. Шу билан бирга, овқатлантиришнинг сифатини ошириш мақсадида унга қилинаётган харажатни ҳам орттиришимиз керак. Қанча кўп инвестиция қилинса, шунча сифати ҳам ошиб бораверади", — деди у.

Мактабгача таълим агентлиги вакилининг қўшимча қилишича, оширилаётган нархлар 2021 йилдан йилма-йил кўтарилиши керак бўлган кўрсаткичнинг ярмига ҳам етмайди.

«Яъни давлат улуши 2021 йилда 40 фоиз бўлган бўлса, ота-оналарнинг озиқ-овқат бўйича тўловлари болаларнинг овқатланиш харажатларини 60 фоизга қоплар эди. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич тескари бўлиб қолди, яъни ота-оналар тўлови миқдори 35 фоизга, давлатнинг улуши 65 фоизгача кўтарилди. Шу кўрсаткичлар инобатга олиниб, сифат кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида бу миқдорлар янгиланиб, янги тарифлар тасдиқланди», — деди Исмат Турсунхўжаев.

Тўловларнинг янгиланган миқдори бу ерда.