Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 10 май куни ҳам ёмғир ёғишда давом этди, ёғингарчилик баъзи жойларда талафотларга олиб келди.

Тушдан сўнг Қашқадарё вилоятининг кўплаб туманларида жала кузатилди. Тармоқларда тарқалган видеоларда кўчалардаги йўлакларда сув оқими пайдо бўлганини кўриш мумкин. Айрим жойларда эса дўл ёғгани ҳақида ҳам видеохабарлар тарқалди.

Кун давомида кузатилган бундай об-ҳаво дарахтлар қулашига, биноларнинг том қисми учиб кетишига сабаб бўлди.

Жала Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ҳам қайд этилди. Вилоят жануби Термизда эса чанг кўтарилди.

Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани ҳудудларида ҳам кўп миқдордаги ёмғир сувлари йиғилиб, сойлардан оқиб келиш ҳолатлари кузатилди. Вилоят ФВБ вазиятлар тўлиқ назоратга олингани, тегишли ташкилотлар ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун шай ҳолатга келтирилганини маълум қилди. Ушбу ҳодисалардан фуқароларнинг жабрланиш ва биноларга талафот етиш ҳолатлари бўйича ҳеч қандай маълумотлар келиб тушмади.

Жиззах вилоятида юз берган ёғингарчилик эса сел-сув тошқинларини келтириб чиқарди. Бахмал туманида ёғиб ўтган қисқа муддатли кучли жала ортидан сел ўзанларига сел келгани ва йўлларни ювиб ўтгани айтилди.

Вилоятнинг Зомин туманида сел сувлари автомобиль йўлларига ҳам тошиб чиқди, далалалар ва уйлар яқинида сув тўпланди. Аччи ва Туркман қишлоғи сой ва сел ўзанларига кучли сел келгани ҳамда табиий офат қишлоқ хўжалиги экин майдонлари, йўл инфраструктуралари лой оқизиқлари босиб зарар келтиргани айтилмоқда.

Шароф Рашидов тумани Ровот қир-адирликларида эса кучли ёғиндан ҳосил бўлган сув массаси сел ирмоқларига тушиб, умумий бир сойда бирлашди.

Кучли ёмғирлар Сирдарё вилояти, жумладан, Гулистон шаҳри ва унга туташ бўлган ҳудудларда ҳам кузатилди.

Бундан ташқари, жалали ёмғирларнинг ёғиши оқибатида Қамчиқ довонида йўлнинг ҳаракат қисмини лой, қумтошли масса қоплади. Кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида мазкур ҳудудда транспорт воситаларининг ҳаракати ҳар икки йўналишда вақтинча тўхтатилди.

Ёғингарчилик Тошкент шаҳрини ҳам четлаб ўтмади.

Маълумот учун, якшанба куни республиканинг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, ҳарорат +28 даражагача кўтарилади. Фақат республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғиши мумкин. Жойларда чанг-тўзонли шамоллар кузатилиши эҳтимоли бор.