«Газета.uz» YouTube’даги ўзбекистонлик контент муаллифлари томонидан тайёрланган видеоларнинг ойма-ой сарҳисобини тайёрлашда давом этади. Навбат — 2024 йилнинг апрель ойи якунларига.

Изоҳ: Қуйида муштарийлар эътиборига ҳавола этилаётган видеолар таҳририят тавсияси эмас. Бунда аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил апрель ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинган. Айни вақтда, фурсатдан фойдаланиб, «Газета.uz»нинг ўзбек ва рус таҳририятлари томонидан март ойида тайёрланган видеоконтентни ҳам яна бир бор эслатиб ўтишни жоиз деб билдик.

«Газета.uz» эълон қилган видеолар

Султон Али Раҳматов нега 13 йил концерт қўймади?

«Ассалом Ўзбекистон», «Иккинчи симфония», «Сеҳрли тун», «Сирли дунё» сингари мусиқалари машҳур бўлган ўзбекистонлик созанда ва бастакор Султон Али Раҳматов 18−21 апрель кунлари 13 йиллик танаффусдан сўнг илк концертини тақдим этди. «Газета.uz» концерт арафасида бастакор билан суҳбатлашди.

Биз ҳамкорлик ўрнатишни хоҳлаймиз — Буюк Британия ташқи ишлар вазири Ўзбекистонда

Буюк Британия ташқи ишлар вазири, собиқ бош вазир, лорд Дэвид Кэмерон 23 апрель куни Ўзбекистонда бўлди. У мамлакат ташқи ишлар вазири, Сенат раиси билан учрашди. «Буюк Британия Ўзбекистон ва Марказий Осиё билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни истайди ва қайсидир томонларни танлашни сўрамайди. Биз ҳамкорлик ўрнатиш учун бу ерда бўлишни хоҳлаймиз», деди у журналистларга берган изоҳида. «Газета.uz» Британия вазири билан суҳбатлашиб, унинг ташрифи бўйича лавҳа тайёрлади.

Рус тилида: «Ташаббусли бюджет»да овозлар қанча туради?

Апрель бошида «Ташаббус бюджет»нинг навбатдаги мавсуми учун овоз бериш тугади. Овоз бериш тугашига икки кун қолганда айрим жойларда бир овоз нархи 50 минг сўмгача кўтарилди. «Газета.uz» мухбири Евгений Сорочин Тошкентнинг одамлар гавжум жойларини кезиб, турли ташаббусларга овоз йиғаётганлардан овоз учун қанча тўлашга тайёр эканликларини сўради.

Бир том остидаги ҳамкорларимизнинг материаллари

Afisha.uz. Ботир Қодиров концертидан репортаж

Хонанда Ботир Қодиров 25−30 апрель кунлари «Халқлар дўстлиги» санъат саройида концерт берди. «Afisha.uz» мухбирлари концертда бўлиб, репортаж тайёрлади.

Spot. OSON тўлов тизими асосчиси ўзи билан нималар олиб юради?

Spot тадбиркорлар ва топ-менежерлар ишда нималардан фойдаланиши ҳақида маълумот берувчи «Рюкзакда нима бор?» номли лойиҳани давом эттирмоқда. Бу сафарги материалда OSON тўлов тизими асосчиси ва раҳбари Фарҳод Маҳмудов билан суҳбатлашилди.

Бошқа муаллифлар эълон қилган видеолар

Энди бошқа муаллифлар эълон қилган видеоконтентларга ўтсак. Бунда, юқорида қайд этилганидек, аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube-лойиҳалардан айримларининг 2024 йил апрель ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинди.

BekipediA. Доллар ишончлими? — Осон бойиб кетиш (молиявий пирамидалар)

Activist. Activist лойиҳаси ўз фаолиятини бутунлай якунлади

Апрель ойида ўзбек YouTube`ида иккита кутилмаган янгилик бўлди. Улардан биринчиси — Ҳожиакбар Носиров Activist лойиҳаси фаолияти бутунлай якунлаганини эълон қилди.

Subyektiv. Мен Subyektiv`дан кетдим.

Ой давомидаги иккинчи кутилмаган янгилик Subyektiv лойиҳаси муаллифи Жамшидхон Зиёхонов лойиҳани тарк этгани бўлди. «Шунча вақт мобайнида бирга бўлиб, қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат!», — деб изоҳ ёзди у лойиҳадан кетаётгани ҳақидаги видео остида.

У ким эди? Ислом дунёсида биринчи аёл давлат раҳбари | Қора атиргул | Беназир Бҳутто

Нурбек Алимовнинг тарихий шахслар ҳақида ҳикоя қилувчи «У ким эди?» лойиҳасининг сўнгги сонларидан бири Покистон собиқ бош вазири Беназир Бҳуттога бағишланди.

Cоққа. Кулгу қанча туради? Элмурод Ҳақназаров, Қобил Каримбердиев, Абу Бакр Фозилов

Юморда пул борми? Юмористлар қандай пул топади ва уни қандай сарфлайди? Мазкур саволларга жавоб топиш учун стендапер Миршакар Файзуллоев ўзининг янги — «Соққа» номли лойиҳасида турли йўналишлардаги уч юморист билан тажриба, хатолар, хулоса ҳақида гаплашди.

Лолазор. «Лолазор» қайтди, латифалар мавсуми бошланди.

«Лолазор» подкасти Рамазон арафасида 1-мавсумни тугатиб, танаффусга чиққанди. Апрелда подкастнинг 2-мавсумига старт берилди. Подкастнинг 17-сонида (ёки 2-мавсум 1-сонида) ижтимоий тушкунлик, электромобиллар импорти учун жорий этилаётган айрим чекловлар, банкирлар уйғонгани ҳақидаги назмий тренд, энергетика янгиликлари, мактаблар ҳудудининг сотилиши, ўқитувчилар ойлигидан пул ушлаб қолишлар, кераксиз тунги навбатчиликлар ва бошқа мавзуларда суҳбатлашилган.

Фикр етакчилари. Катта мифлар, асоссиз қўрқувлар ва ташқи қарзлар, қўшнилар, сув-ер эркинлиги — Умида Ҳақназар

Фикр етакчилари подкастининг 8-сонида Жаҳон савдо ташкилоти бўйича юридик эксперт Умида Ҳақназар меҳмон бўлди ва асоссиз қўрқувлар, ташқи қарз, қўшнилар, сув-ер эркинлиги бўйича ўз фикрларини билдирди.

Марказий сектор. Мирзаҳаким Тўхтамирзаев — шарҳ, Куперни тан олмаслиги ва Катанец билан тескари диалог ҳақида

«Марказий Сектор» лойиҳасининг 7-сонида спорт шарҳловчиси ва журналисти, педагог ва бир неча дарсликлар муаллифи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев меҳмон бўлди.

Texnoplov. Товушни кўрдим!

«Техноплов»нинг бу сафарги сонида товуш аслида нима экани, одам нима учун уни эшитиши, инсонга ўзининг ёзиб олинган овози нима учун бошқа инсонникидек туюлиши, кўршапалак учишининг товуш билан боғлиқлиги, акустика ва шунга ўхшаш мавзуларда гап боради.

Alter Ego. Янги Ўзбекистон сари йўл.

Ўзбекистонда ҳали ҳам бозор заиф, бюрократия ва коррупция мавжуд. Кирилл Альтманнинг Alter Ego лойиҳаси навбатдаги сонида мамлакат иқтисодиётининг бундай касалликларини қандай даволаш кераклиги ва барқарор ўсишга эришиш учун бугун нима қилиш кераклиги ҳақида иқтисодчи Юлий Юсупов ва тадбиркор Вячеслав Чукреев билан суҳбат уюштирилди.

Bu podcast. Давлатга душман, халққа дўст — Troll.uz

«Bu podcast» лойиҳасининг навбатдаги сонида бир нечта лойиҳалар, жумладан, Troll.uz, Pakapak, Tanish Bilish реклама агентлиги ва Tirikchilik асосчиси Умид Гафуров меҳмон бўлди. Подкаст давомида у ўзининг хаёти, лойиҳалари ва режалари ҳақида гапириб берди. Шунингдек, ой давомида «Bu podcast» лойиҳасида анимеларни ўзбекчага ўгириш билан шуғулланувчи «Anibla» жамоаси ҳам меҳмон бўлди.

Pakapak. iPhone 15 Pro Max vs Xiaomi 14 Ultra — battle!

Xiaomi 14 Ultra versus iPhone 15 Pro Max! Қайси бири яхшироқ? Pakapak Battle рубрикасининг бу галги сонида кўпроқ бу иккала смартфон камералари солиштириб кўрилди. Йўл-йўлакай дизайн, техник тавсиф ва дастурий имкониятлар ҳақида ҳам маълумот берилган.

«Диққат, савол!». «Заковат»нинг фойдаси. Саволлар қандай танланади?

«Заковат» ҳаракати каналида Нурбек Алимов муаллифлигида «Диққат, савол!» подкасти йўлга қўйилди. Унинг 1-сонида «Заковат» клуби президенти Абдурасул Абдуллаев, клубнинг таниқли билимдонлари Саидкамол Абдураззоқов ва Саидикром Расулев меҳмон бўлди.

Lolaqizg‘aldoq. Топ-10 фильмлар рўйхати.

«Лолазор» подкасти муаллифлари YouTube учун яна бир янги лойиҳа бошлади. «Лолақизғалдоқ»да лойиҳа муаллифлари танлови асосида турли мавзуларда рейтинглар/рўйхатлар тузилади. Лойиҳанинг илк сонида ТОП-10 фильмлар рўйхати тақдим этилган.

Муваффақият калитлари. Мен ўзбекман!

102 tv лойиҳасининг «Муваффақият калитлари» подкасти навбатдаги сонида Ўрикгули тахаллуси билан танилган экоблогер Мўътабар Хушвақтова меҳмон бўлди.

Uzbekonomics. Аҳолининг ўсиши ва иқтисодий фаровонлик.

Иқтисодчилар Ботир Қобилов ва Беҳзод Ҳошимов бу сафарги подкастида қандай қилиб аҳоли сонининг кўпайиши ёки камайиши бир мамлакатнинг иқтисодий фаровонлигига таъсир этиши мумкинлигини муҳокама қилди.

Сусамбил. Махлуқлар оламига саёҳат: Годзилла, Кинг-конг ва бошқалар.

«Сусамбил»нинг бу сонида «Монстерверс», яъни махлуқлар олами ҳақида гап боради. «Ўзи ушбу олам кимлар томонидан ўйлаб топилган, махлуқотларнинг яратилиш тарихи қандай бўлган?» саволлари ушбу соннинг асосий мавзуси бўлган.

+1 Podcast. Бизни нима кутмоқда? Биолог Равшан Собиров билан суҳбат.

Инсон иложи борича кўпроқ вақт ёш ва соғлом бўлиб қолиши учун қандай яшаши ва нималар қилиши керак? Инсоният учун энг хавфли касалликлардан бири бўлган ва келиб чиқиш сабаблари ҳалигача тўла ўрганилмаган саратоннинг давоси борми? Вирус ва бактериялар қандай пайдо бўлади? «+1 Podcast»ида биофизик олим ва биология фанлари доктори, академик Равшан Собиров бу каби саволларга жавоб берди.

Sigma Podcast. Дунёдаги энг бахтли давлатда яшайдиган ўзбек | Дониёр Уришов

«Sigma Podcast»нинг навбатдаги сонида Финляндия техник илмий марказида тадқиқотчиси Дониёр Уришов Финляндияда иш ва ҳаёт, маданий шоклар, ўзининг соҳаси бўлган қуёш панеллари, батареялар ва физика ҳақида фикр билдирди. Подкастда апрель ойи давомида «Академнашр» раҳбари Санжар Назар билан ҳам қизиқарли суҳбат эълон қилинди.

Қурултой. Ўзбекистон тарихида шаҳарлар ва шаҳарчиликнинг ўрни.

«Қурултой»нинг кўп сонларида кўчманчи маданият ҳақида суҳбатлашилган, унинг аҳамиятини тушунтиришга ҳаракат қилинган. Аммо минтақада ўтроқ маданиятнинг роли ҳам жуда катта ҳисобланади. «Қурултой»нинг навбатдаги сонида Ўзбекистон шаҳарларининг ўтмиши, умуман Марказий Осиё шаҳарчилиги тарихи ҳақида сўз боради. Ушбу сон меҳмонлар тарихчи олимлар, фалсафа докторлари Мунира Ҳотамова ва Суръат Кубаев бўлди.

SS podcast. Айрим муаммоларга математик нуқтаи назар

Ўзбекистонда халқаро даражадаги математиклар борми? Улар йилига қанча пул топа олиши мумкин? «SS podcast»нинг навбатдаги сонида физика-математика фанлари доктори Карим Раҳимов, математикага оид китоблар муаллифи Сардор Бозорбоев, «Abituriyent» газетаси ва китоби муаллифи Азимжон Маҳмудов, «Sodiq School» мактаби асосчиси, математика фани устози Ҳасанхўжа Муҳаммад Содиқ шу каби саволларга жавоб излади.

Push and Pull. Ўзбекистондаги Netflix асосчиси, нега ҳали ҳам кино кўриш маданияти ривожланмаган — ITV асосчиси

«Push and Pull» лойиҳасида «ITV» раҳбари Яҳё Абдуллаев меҳмон бўлиб, стриминг ва кино саноатидаги вазият ва муаммолар, қандай қилиб Ўзбекистон ҳам бу йўналишида ривожланиши мумкинлиги ҳақида фикрларини билдирди.

Ҳошимов иқтисодиёти. Мамлакатларга конституция нима учун керак?

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов муаллифлигидаги «Ҳошимов иқтисодиёти» лойиҳасининг навбатдаги сонида Чикаго университети профессори, ҳуқуқшунослик ва сиёсатшунослик йўналишидаги олим Том Гинсбург билан конституциялар нимага кераклиги ҳақида суҳбат бўлди.

Қўштирноқ подкаст. Ўзбек киносининг келажаги қандай аҳволда?

Ўзбек ёш режиссорлари кимлар? Ўзбек киносининг келажаги ҳисобланган ёшлар — Ҳилола Каримова, Сардор Фахриддинов, Феруз Баҳодиров кинонинг келажаги ҳақида нима дейди? Бу подкастда улар дуч келаётган тўсиқлар ва кино ҳақида гап боради.

Олмонистон. Ҳужайра биологияси, ген ва фитна назариялари.

«Олмонистон» лойиҳасининг бу галги сонида ҳужайра биологияси бўйича узоқ йиллардан бери Германияда тадқиқотлар қилиб, ҳозирда Марбург университетида фаолият олиб бораётган Шароф Худойбердиев меҳмон бўлди.

Сиз-чи, қайси лойиҳаларни кузатиб борасиз?

Кейинги сарҳисобда яна қайси лойиҳалар эътиборга олиниши керак деб ўйлайсиз? Бу ҳақда Telegram’даги ботимиз орқали бизга ёзинг: @GazetauzFeedbackBot.