Янги Наманган туманида 68 ёшли эркак 7 ёшли қизга нисбатан уятсиз ҳаракатлар қилганликда гумонланаётгани ҳақида ёзгандик. Болалар омбудсманининг маълум қилишича, эркакка нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.

Ҳодиса юзасидан 5 апрель куни Наманган шаҳри тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Дастлабки тергов натижасида 1 май куни эркак Б.И.нинг қилмиши Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш; 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан қайта малакаланди ва у процессуал тартибда ушланиб, судга киритилган илтимоснома асосида эркак қамоққа олинди.

Жиноят иши юзасидан Янги Наманган тумани ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур жиноят иши давомида тармоқларда бир аёлнинг видеомурожаати ҳам пайдо бўлди. Унда айни шу эркак олдин ҳам — 2023 йилнинг ноябрь ойида бошқа бир 7 ёшли қизга нисбатан уятсиз ҳаракатлар содир этгани ҳақида сўз борган. Лавҳада айтилишича, эркак қизалоқни 1−1,5 соат давомида машина ичида ушлаб ўтирган ва ўзининг жинсий майлини қондирган. Ички ишлар органларига қилинган мурожаатлар самара бермагани таъкидланган.

«Газета.uz» бу масала юзасидан ҳам изоҳ сўраб болалар омбудсманига мурожаат қилди.

«Бошқа ҳолат тасдиқланмаган, мана шу ҳолат буйича иш қайта малакаланиб, шахс қамоққа олинган. Яна ҳар томонлама ўрганамиз, агар аниқланса, кўшимча маълумот берилади», — дея жавоб берди омбудсман Сурайё Раҳмонова.

«Яна бир бор эслатиш ўринли: шахс ИИВ ходими эмас, 12 йил аввал туман ЙПХ бошқармаси боғида ёлланма боғбон бўлган. 2014 йилда нафақага чиқиб кетган», — деб қўшимча қилди у.