2024 йилда Ўзбекистон Россиянинг 5 миллиард долларлик сармоясини ўзлаштиришни режалаштирмоқда. Шавкат Мирзиёев 10 май куни хорижий шериклар билан имзоланган келишувлар ижросининг бориши ва сармоявий ҳамкорлик бўйича келгуси режалар билан танишди.

22−24 апрель кунлари Тошкентда ўтказилган «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмаси «Россия Федерацияси билан муваффақиятли савдо-иқтисодий ҳамкорликка ёрқин мисолдир». Тадбир доирасида 4 миллиард долларлик битимлар тўплами қабул қилинди.

инвестисиялар, иннопром, лазиз кудратов, россия, шавкат мирзиёев

2023 йил охирида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 миллиард долларга етди. Президент 2030 йилгача бу ҳажмни икки баравар ошириш вазифасини қўйди.

Ўзбекистонда Россия билан 3 мингдан ортиқ қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. 2023 йилда 700 дан ортиқ янги корхона ташкил этилди. Ўтган йили 3 миллиард долларга яқин Россия инвестициялари ўзлаштирилди, бу йил кўрсаткич 5 миллиард доллар бўлиши кутилмоқда.

«Бугунги кунда [Россия билан] қўшма лойиҳалар портфели 44 миллиард доллардан ошмоқда. Шу билан бирга, жорий йилнинг ўзида камида 5 миллиард долларлик [Россия] инвестицияларини ўзлаштиришни таъминлаш вазифаси қўйилган. Бу вазифани бемалол бажарса бўлади. Барча соҳалар, барча тармоқлар, ҳудудлар бўйича аниқ режалар, тармоқ схемалари, йўл хариталари тайёрланди», — деди инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

ИССВ раҳбарининг сўзларига кўра, президент ушбу лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш учун «ностандарт ёндашувни тақдим этиш, ностандарт механизмларни жорий этиш» бўйича топшириқ берган.

«Нафақат вазирлик ва идоралар, балки ҳукумат, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратуранинг барча зарур бўлинмалари қўшилади. Ва бу ёндашув, ностандарт ёндашув, ҳар бир россиялик инвестор билан, ҳар бир шерик билан мақсадли ишлаш, албатта, ўз натижасини беради», — деди у.

2−3 май кунлари 93 давлатдан 2,5 мингдан ортиқ меҳмон иштирокида Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Форум доирасидаги ишбилармонлик тадбирлари натижасида умумий қиймати 26,6 миллиард долларлик инвестиция шартномалари ва экспорт шартномалари пакети имзоланди.

Қурилиш, яшил энергия, тоғ-кон саноати, инфратузилмани ривожлантириш, кимё, озиқ-овқат, тўқимачилик ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги йирик лойиҳалар шулар жумласидандир.

Давлат раҳбари «йўл харита»ларининг барча бандлари ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш, инвесторлар билан доимий мулоқот қилиб, улар учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган масалаларни тизимли ҳал этиб боришни топширди.