Ўзбекистон элчиси Ашраф Ходжаев Қатар таълим ва олий таълим вазири Бусаина бинт Али Ан-Нуаймий билан учрашди, деб хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, суҳбат давомида Қатар университетларида ўзбекистонлик талабалар учун квоталар ажратиш ва уларнинг сонини кўпайтириш, Қатар ва Ўзбекистон мактаб ва олий таълим муассасалари ўртасида алмашинув, долзарб йўналишларда қўшма ўқув дастурлари ва илмий лойиҳалар, тадқиқотлар ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Вазир Ўзбекистон ва Қатар ўртасида икки томонлама дўстона алоқалар мустаҳкамланиб бораётганидан мамнунлигини билдирди. Хусусан, у яқинда Доҳадаги Мушайриб маданий марказида бўлиб ўтган Ўзбекистон ҳунармандчилиги кўргазмасига шахсан бориб кўргани ва жуда таъсирланганини таъкидлади.

Қатар вазири, шунингдек, ўрта мактаб ўқувчилари ўртасида ўзаро алмашинувларни йўлга қўйиш ҳамкорлик йўналишларидан бири бўлиши мумкинлигини билдирди. Қатар Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда ўтган апрель ойида қатарлик мактаб ёшидаги болалар жамоасининг Тошкент ва Самарқандга саёҳати уюштирилгани келтириб ўтилди. Қатар томони ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилганини қайд этиш баробарида, уни доимий ва ўзаро тарзда йўлга қўйиш мумкинлигини маълум қилди.

Мулоқот чоғида ҳозирги кунда долзарб ҳисобланадиган соҳаларда қўшма илмий изланишлар ва тадқиқотлар ўтказиш таклифи ҳам Қатар томонидан қўллаб-қувватланди.

Музокаралар натижасида, шунингдек, Ўзбекистон ва Кўрфаз араб мамлакатлари ректорлари форумини ўтказиш ташаббусини ўрганиш ва ушбу соҳага оид бошқа бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мулоқотни давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2023 йил сентябрь ойида Қатар билан олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тасдиқлаш бўйича қарорни қабул қилганди.