10 май куни президент тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга «оила — маҳалла — туман ва ҳудуд» тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилади.

1 июндан:

  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади;
  • хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг 102 телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида рўйхатга олинади.

Тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади:

  • хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилади;
  • профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилади;
  • тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштирилади;
  • расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар «Инсон» марказларига «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали юборилади.

1 июндан Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 1 октябрдан эса республиканинг қолган барча ҳудудларида шошилинч қабул бўлимларида туну кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади.

Шунингдек, шошилинч қабул бўлимларининг бирламчи кўмак хоналарида:

  • жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшилаш учун тазйиқ ва зўравонликка учраган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари 3 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштирилади;
  • шошилинч биринчи ёрдам, шу жумладан, руҳий, психотерапевтик ёрдам кўрсатилади, шунингдек, юқумли касалликлар мавжудлиги тўғрисида таҳлиллар ўтказилади.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга реабилитация хизматларини кўрсатиш йўналишида:

  • Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказларида вақтинчалик бошпана (шелтер)лар фаолияти йўлга қўйилади;
  • ҳудудий марказларга қарашли 14 та намунали туманлараро марказнинг мавжуд штат бирликлари ҳамда моддий-техника базаси тўлиқлигича ҳудудий марказларга ўтказилган ҳолда тугатилади;
  • шошилинч қабул бўлимларининг бирламчи кўмак хоналарида ёрдам олган шахслар мазкур бўлим шифокорининг хулосаси ва ҳимоя ордери асосида ижтимоий хизматлар кўрсатиш шартномасига мувофиқ ариза талаб этмаган ҳолда ҳудудий марказларга жойлаштирилади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган шахсларнинг ижтимоийлашув даражаси ижтимоий ходим, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори томонидан олти ой давомида мониторинг қилинади.

Тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахслар билан ишлаш йўналишида:

  • зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш ишларига мажбурий равишда Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари ҳам жалб қилинади;
  • 1 октябрдан ҳимоя ордери берилган ҳар бир ҳолатда тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастури «Инсон» марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади;
  • 2025 йил 1 январдан ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилади;
  • 2024 йил 1 декабрдан бир календарь йил давомида икки ва ундан ортиқ марта тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича мурожаат қилинганда ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери ташаббус тартибида берилади.

«Инсон» марказларига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатилишини таъминлашда қатор қўшимча ҳуқуқлар тақдим этилади.

Жумладан:

  • тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш учун ички ишлар органига мурожаат қилиш;
  • тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ҳудудий марказларда бўлиш вақтида ишлаб чиқилган якка тартибдаги ижтимоий реабилитация дастурининг ижросини мониторинг қилиш;
  • зарур ҳолларда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлса, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига талабнома киритиш.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига

1 августга қадар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш стандарти тасдиқланишини таъминлаш;

1 октябрга қадар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг фуқаролик ишлари бўйича суд ишларида мажбурий тартибда прокурор иштирокини таъминлаш, уларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартибини йўлга қўйишни назарда тутувчи таклифларни киритиш;

1 октябрга қадар Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг ҳаётий вазиятини баҳолаш ва якка тартибдаги чора-тадбирларни қўллашнинг такомиллаштирилган тартибини жорий этиш бўйича таклифларни киритсин;

1 октябрга қадар халқаро экспертларнинг хулосасига асосан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази негизида кўп функцияли марказ фаолиятини ташкил этишга доир таклифларни киритиш;

2025 йил 1 январдан «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида зўравонлик ҳолати, тазйиққа учраган шахсга кўрсатилган хизматлар, тузатиш дастури бажарилишини мониторинг қилиш бўйича модулни жорий этиш.

Қарорнинг ижросини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бош вазир Абдулла Арипов ва президент маслаҳатчиси — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров зиммасига юклатилди.