Тармоқларда Наманган вилояти Чортоқ туманидаги боғча болалари Damas машинасига меъёрдан ортиқ миқдорда ўтқазилгани, шунингдек, зиёрат учун қабристонга олиб борилгани бўйича хабарлар тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва Мактабгача таълим агентлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат «Зукко Болажон» оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида юз берган.

«Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан Хотира ва қадрлаш кунини қай тарзда ўтказиш бўйича берилган тавсия хатига қарамай, 8 май куни мазкур маскан раҳбари, тадбиркор Ўғилхон Муҳиддинова 17 нафар тарбияланувчини „Тол мозор“ қабристонига зиёрат қилиш учун олиб борган», — дейилади бошқарма хабарда.

Ҳолат «Ифтихор» МФЙ раиси, қатор нуронийлар ҳамда 20 нафар тарбияланувчининг ота-оналари иштирокида муҳокама қилиниб, таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнларини тўғри ташкил этиш, боланинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда ишлаб чиқилган мактабгача таълим муассасасининг давлат ўқув дастури доирасида амалга оширилиши лозимлиги таъкидланган.

Вазифасига нисбатан совуққонлик билан ёндашган муассаса раҳбари жиддий огоҳлантирилди, дея қўшимча қилди бошқарма.

Агентликнинг таъкидлашича, маскан раҳбари Damas автомашинасига сиғимдан ортиқча миқдорда болаларни олиб, туман марказида жойлашган Хотира майдонига борган. Тарқалган видеолавҳада машинанинг ўрта ва орқа ўриндиқларида 12−14 нафар болани кўриш мумкин.

У ердан қайтишда бир йўналишда бўлгани учун тарбияланувчилар қабристонга ҳам олиб кирилган.

Ҳолат юзасидан тадбиркор Муҳиддинова жазоланишини билдирган агентлик Damas ҳайдовчисига ҳам чора кўрилишини таъкидлади.

«Агентлик томонидан бу каби тадбирларга топшириқ берилмаган. „Илк қадам“ давлат дастурида бу каби машғулотлар ва тадбирлар ўтказилиши ва болаларни қабристонга олиб бориш тақиқланган», — деб қўшимча қилди Мактабгача таълим агентлиги.