Тожикистон май ойи охиригача Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига қўшилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 14 май куни Тошкентда бўлиб ўтган Энергетика ҳафталиги (UEW 2024) давомида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Биз минтақалараро савдо ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантирмоқдамиз, қўшниларимиз — Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон билан электр энергиясини етказиб бериш, экспорт, импорт қилиш ва транзити бўйича жуда яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бу ой Тожикистон ҳам бизнинг ягона Марказий Осиё энергетика тармоғимизга қўшилишини кутамиз», — деди у.

2021 йил охирида Тожикистон мамлакатни Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига қайтариш масаласини муҳокама қила бошлаганди. Саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир Тожикистон 2022 йилда ягона энергия тизимига қайтишини маълум қилган, бироқ бу масала бир неча бор қолдирилган.

«Биз шу йилнинг охиригача [Тожикистон энергетика тизимининг] шимолий қисмини уланишга тайёрлашни режалаштирмоқдамиз, бироқ бу линиянинг амалда ишга туширилиши 2024 йилнинг апрелида амалга оширилади», — деганди Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума.

ЯЭТ ҳақида

Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистоннинг Ягона энергетика тизими (ЯЭТ) 1970 йилларда яратилган. У Тошкентдаги Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази томонидан бошқарилиб, ирригация даврида электр энергиясига бўлган талаб ва сувга бўлган эҳтиёжнинг мавсумий тебранишларини мувозанатлаш имконини берган.

Қишда Тожикистон ва Қирғизистон сув омборларида сув сақлаган ва Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Туркманистондан электр ва энергия ресурсларини (кўмир ва табиий газ) олган. Ёзда Тожикистон ва Қирғизистон қишда тўпланган сувни қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун минтақадаги қўшниларига йўналтирган. Шунингдек, ёзда Тожикистон ва Қирғизистон қўшни республикаларга ортиқча ҳажмда ишлаб чиқарилган электр энергиясини етказиб берган.

«Энергия» мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази директори Ҳамидулла Шамсиев 2022 йил бошида Туркманистон 2003 йилда Эрон энергетика тизимида савдо бозорини топиб, ўз ташаббуси билан ЯЭТни тарк этганини ва ҳозир у билан параллель равишда ишлаётганини таъкидлаганди. Туркманистон ва Ўзбекистон «ҳалқа» деб аталган схемалар устида ишламоқда, Ўзбекистон томонига алоҳида генераторлар ажратмоқда.

Тожикистон бир вақтлар параллель ишлаш шартларини такроран бузгани сабабли «ҳалқа» тармоғидан ажратилган эди. Бу Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистон тизимининг бошқа иштирокчилари қабул қилган қўшма қарор бўлган. Ҳозирда Осиё Тараққиёт банкининг молиявий кўмаги асосида Тожикистонни ягона энергетика тизимига қайта улаш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.

«Тожикистон энергетика тизими шу йиллар давомида частотани мустақил равишда тартибга солиб келмоқда, бу эса унинг гидроэлектростанцияларида мавжуд бўлган катта захиралар билан таъминланган. Бу муаммони иссиқлик станциялари (Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлгани каби) ёки гидроэлектростанциялардаги захиралар камайиши (сўнгги йилларда Қирғизистонда бўлгани каби) фонида ҳал қилиш деярли имконсиз. Шунинг учун ҳам ушбу энергетика тизимларининг ягона Марказий Осиё ҳалқасида биргаликда ишлаши Марказий Осиё энергетика тизимларининг ишончли тарзда параллель ишлашини таъминлаш, нафақат улар, балки узоқ қўшнилар билан ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб эҳтиёжидир», — деди Шамсиев.

Тожикистон аъзо бўлгач, нима кутилмоқда?

Asiaplustj.info нашрининг қайд этишича, сув ва энергия ресурсларидан биргаликда мувофиқлаштирилган фойдаланиш минтақадаги барча мамлакатларга фойда келтиради.

Тожикистон ва Қирғизистон энди куз-қиш мавсумида электр энергияси танқислигига дуч келмайди, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон эса суғориш мавсумида сувсиз қолмайди.

Тожикистон қишки сув омборига қайтади (ҳозирда у ёзда сув тўплайди) ва мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи трансчегаравий дарёларнинг қуйи оқимидаги мамлакатлардан етказиб бериладиган таъминот ҳисобидан қопланади.

Ёзда Тожикистон қишда тўпланган сувдан қўшниларининг суғориш сувига бўлган эҳтиёжини қондириш учун фойдаланади.