Тошкент шаҳрида декабрь ойида криминоген вазиятни яхшилаш юзасидан ўтказилган «Долзарб 40 кунлик» тезкор тадбирлари давомида қўлга олинган икки шахсга ҳукм ўқилди, дея хабар бермоқда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати.

24 апрель куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди 39 ёшли Алибек Шахруллоевич Файзиевни Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида айбдор деб топди:

  • 28−246-моддаси 2-қисми (ядровий, кимёвий, биологик ва оммавий қирғин қуролининг бошқа турларини, шундай қуролларни яратишда фойдаланилиши мумкинлиги аён бўлган материал ва мосламаларни, радиоактив материалларни, шунингдек гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда контрабанда қилиш);
  • 25−273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш).

Суд томонидан унга нисбатан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

14 май куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди 34 ёшли Олимжон Шуҳратович Амоновни Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми «а» банди (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан айбдор деб топди.

Суд унга нисбатан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Аввалроқ «Бохо завхоз» лақаби билан танилган Баҳодир Султонов ҳамда у билан бирга қамоққа олинган Навоийдаги автосалон директори Ниёз Ибодовга суд ҳукми ўқилгани хабар қилинганди. Улар Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни (жуда кўп миқдорда товламачилик) содир этганликда айбли деб топилган.

Суд ҳукми билан Баҳодир Султоновга 10 йил, Ниёз Ибодовга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ҳар икки шахс ноябрь-декабрь ойларида Тошкент шаҳридаги «кўча жиноий гуруҳлари» ва жиноий гуруҳлар вакилларини аниқлаш мақсадида ўтказилган кенг кўламли рейдлар давомида қўлга олинган.