Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ўтган йил охирида «кўча бандалари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш бўйича ўтказилган кенг кўламли рейдлар чоғида қўлга олинган яна уч нафар шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилганини маълум қилди.

15 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди Азлархон Ботирович Мухамеджоновга (1987 йилда туғилган, декабрь ойида ҳибсга олингани хабар қилинган) Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «а» ва «в» бандлари билан (Талончилик, ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса) 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди 6 май куни Холмурадов Суннатулла Чариевични (1993 йил, унинг ҳибсга олиниши ҳақида ҳам ўшанда хабар берилган) ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми «е» бандида назарда тутилган жиноятни (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш, безорилик оқибатида) содир этганликда айбдор деб топди ва 7,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

8 май куни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди Умиджон Бахтиёр ўғли Ўриновга (1993 йил, у ҳам декабрь ойида ҳибсга олинган) ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «б» ва «в» бандлари (Безорилик, бир гуруҳ шахслар томонидан, совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб) ва 223-моддаси 2-қисмининг «б» ва «в» бандлари (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) бўйича ҳукм чиқарди ва 6 йил 11 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Бунгача Алибек Файзиев (12 йил қамоқ жазоси), Олимжон Амонов (4 йил), шунингдек, Баҳодир Султонов («Бохо завхоз», «Терминатор», 10 йил) ва Ниёз Ибодовга (4 йил) қамоқ жазоси тайинлангани хабар қилинганди.