Президент Шавкат Мирзиёев 7 май куни «Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжатда Сув хўжалиги вазирлиги барча манбалар бўйича ягона сув балансини юритувчи ҳамда давлат сув кадастрини ташкил этиш ва юритишга оид ишларни мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди.

Қуйидагилар вазирлик фаолиятининг асосий йўналишлари бўлади:

  • трансчегаравий ва ички дарёлар, сойлар сувларини самарали бошқариш ҳамда табиий кўллар, сув иншоотлари ва ерости манбаларида етарли сув захирасини яратиш орқали мамлакат сув хавфсизлигини таъминлаш;
  • ирригация ва мелиорация тизимини ривожлантириш, иқтисодиётнинг барча соҳаларидаги истеъмолчиларни сув билан узлуксиз таъминлаш;
  • рақамли технологияларни кенг қўллаган ҳолда сув ресурсларини бошқариш ва сув ҳисобини юритишнинг шаффоф тизимини йўлга қўйиш;
  • соҳага ресурс тежовчи замонавий технологияларни, илм-фан ютуқлари ва ноу-хауларни кенг жорий этиш;
  • сувдан фойдаланиш ва сувни бошқаришга бозор механизмларини кенг жорий қилиш орқали сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
  • сувдан унумли фойдаланиш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга қаратилган илмий изланишларни ташкил этиш;
  • сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тизимли ишларни ташкил этиш;
  • трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш.

Сув хўжалиги вазирлиги таркибида Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги ва Сув хўжалиги лойиҳаларини амалга ошириш департаменти, шунингдек, қуйидагилар ташкил этилади:

  • Марказий диспетчерлик, коммуникация ва кадастр хизмати негизида Марказий диспетчерлик ва сув баланси хизмати;
  • Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази негизида Сув хўжалигида ислоҳотлар маркази;
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув муаммолари илмий-тадқиқот маркази негизида Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти тасарруфидаги Хоразм сув муаммолари илмий-тадқиқот маркази;
  • Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги «Хавфсиз дарё бошқармаси» давлат муассасаси негизида хўжалик ҳисобидаги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасаси.

Вазирлик тузилмаси юқори, ўрта ва қуйи бўғинларга бўлиш йўли билан қайта ташкил этилмоқда.

1 июлдан бошлаб вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларининг лавозим маошини белгилашда тариф коэффициентлари оширилган миқдорда ҳамда 2025 йилдан бошлаб кўп йиллик меҳнати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига белгиланган коэффициентларда ҳар ойлик устамалар қўлланади.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Экология ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 15 августга қадар табиий сув объектларининг сув фонди ерларини Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги тегишли фойдаланувчи ташкилотларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратади.

Сув хўжалиги вазирлиги «ЎзГИП» МЧЖ ва «Сувлойиҳа» МЧЖ ташкилотларининг давлат номидан иштирокчиси функцияларини амалга оширувчи орган этиб белгиланди.

Вазирлик ҳамда унинг тизим ташкилотлари томонидан сув ресурсларини бошқариш борасидаги фаолиятига учинчи шахслар, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аралашуви тақиқланади.

20 июлга қадар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг соҳилбўйи минтақаларини фойдаланувчи ва ижарачиларга бериш ваколатини бекор қилиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, эндиликда сув олиш лимитларини аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги учун уларнинг устуворлигидан келиб чиқиб белгилаш ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман кенгашларига киритилади.

Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб сувни ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган ерости сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тақиқланган. Масъул вазирлик ва идораларга уч ой муддатда еростидан сув олиш қудуқларини тўлиқ хатловдан ўтказиш топширилди. Бунда сув ҳисоблагичлари ўрнатилмаган ҳолларда (бундан жисмоний шахсларга шахсий ва хўжалик эҳтиёжлари учун якка тартибда суткасига 5 метр кубгача бўлган миқдорда ерости сувларини олиш мустасно) тегишли қонуний чоралар, шу жумладан, ҳисоблагичлар ўрнатилмагунга қадар сув олиш имконини чеклаш чоралари кўрилади.