Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ўтган йил охирида пойтахтда криминоген вазиятни яхшилаш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирларда қўлга олинган яна уч нафар шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилганини маълум қилди.

30 апрель куни жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди Хасан ва Хусан Абдусаматович Сабирджановларни Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида айбдор деб топди:

  • 277-моддаси 3-қисми «а» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган безорилик);
  • 168-моддаси 2-қисми «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган фирибгарлик).

Суд томонидан Хасан Сабирджановга нисбатан 4 йил 9 ой, Хусан Сабирджановга 4 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

3 май жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судининг ҳукми билан Марат Пулатович Уразов Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган фирибгарлик) билан айбли деб топилди.

Етказилган моддий зарар тўлиқ қоплангани инобатга олиниб, иш ҳақининг 25 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 9 ой 27 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Азлархон Мухамеджонов (5 йилгача), Суннатулла Холмурадов (7,5 йил), Умиджон Ўринов (6 йил 11 ой), шунингдек, Алибек Файзиев (12 йил қамоқ жазоси), Олимжон Амонов (4 йил), бундан ташқари, Баҳодир Султонов («Бохо завхоз», «Терминатор», 10 йил) ва Ниёз Ибодовга (4 йил) қамоқ жазоси тайинлангани хабар қилинганди.