Самарқанд вилояти Нарпай туманида маст ҳолда машина бошқарган 70 ёшли фуқаро мактаб ўқувчисини уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, 2-синфда ўқувчи қиз мактабдан уйга қайтаётган бўлган. Маҳалла кўчаларининг бирида уни Nexia 2 машинасида бошқарувни йўқотган ҳайдовчи уриб юборган. Оқибатда қиз жароҳат олиб, қўли синган ҳамда операция қилинган.

«Қўлига сим қўйилган. Қизим ҳозир яхши, симларини энди олдирамиз. Ҳайдовчиларга мурожаат қилардимки, ичиб ёки тез ҳайдаб бировнинг гулдек, бегуноҳ боласига бундай азоб бериб кетишмасин», — деди қизнинг онаси.

йтҳ, маст ҳайдовчи

Қизнинг қўшимча қилишича, ўша пайтда унинг ёнида ўртоқлари ҳам бўлган. Суриштирувда 70 ёшли эркак бир йил аввал ҳам спиртли ичимлик ичиб машина бошқаргани учун ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилгани аниқланган.

«Ўшанда шифохонага олиб бордим, ҳаммасига ёрдам қилдим. Мен энди иккинчи марта ичмайман, машина ҳам ҳайдамайман. Мен қатори ёки катталарга ҳам ҳеч қандай спиртли ичимлик ичиб рулда ўтиришларини тавсия қилмайман. Ҳаммадан — маҳаллалардан, боладан ҳам кечирим сўрайман», — деди ҳайдовчи.

йтҳ, маст ҳайдовчи

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.