АҚШ Давлат департаменти «хорижий агентлар» қонунининг қабул қилиниши муносабати билан Грузия учун виза чеклаш сиёсатини жорий қилаётганини билдирди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўз баёнотида чекловлар Грузиядаги «демократияга путур етказиш»да айбдор бўлганлар ёки уларнинг шериклари ҳамда оила аъзоларига нисбатан қўлланишини айтди. Буларга Грузияда фуқаролик жамияти ва тинч йиғилишлар эркинлигини зўравонлик ёки қўрқитиш орқали бостириш учун масъул шахслар киради.

«Ким Грузиядаги демократик жараёнлар ёки институтларга путур етказса, шу жумладан, 2024 йилнинг октябрь ойида Грузиядаги [парламент] сайловлари олдидан, жараён давомида ва ундан кейин ҳам — ушбу сиёсат бўйича АҚШ визаларига эга эмас деб топилиши ва Қўшма Штатларга ташриф буюриш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин. — деди Блинкен.

Баёнотда айтилишича, АҚШ нуқтаи назарига кўра, ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси томонидан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган «хорижий агентлар» қонуни уюшмалар эркинлигини пасайтиради ва мустақил матбуот фаолиятига тўсқинлик қилади.

Бундан ташқари, АҚШ қонунга қарши бошланган оммавий норозиликларни бостириш учун «қўрқитиш ва зўравонлик кампаниясининг аниқ белгиларини» кўрган. Буларнинг барчаси Грузия Конституциясида қайд этилган мақсадга — Евро-Атлантика ҳамжамиятига интеграция ва АҚШ билан стратегик шерикликка зиддир, дейилади баёнотда.

Блинкен, шунингдек, Вашингтон АҚШ ва Грузия ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама кўриб чиқишни бошлаганини эълон қилди. «Биз Грузия раҳбарияти қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиб, ўз мамлакатларининг демократик ва Евро-Атлантика интилишларини илгари суриш учун чоралар кўришига умид қиламиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни кўриб чиқар эканмиз, биз Грузиянинг ҳаракатларини ҳисобга оламиз», — дея қўшимча қилди АҚШ давлат котиби.

«Хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун

Оммавий норозиликларга қарамай, 14 май куни Грузия парламенти «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунни охирги ўқишда маъқуллаганди. Ҳужжат мамлакатда апрель ойи ўрталаридан бери давом этаётган оммавий норозиликларга сабаб бўлган. Мухолифат вакиллари ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг фикрича, қонун «хорижий агентлар» тўғрисидаги Россия қонунчилигини такрорлайди ва мамлакатдаги демократияга путур етказиши ва унинг Европа Иттифоқига қўшилиш имкониятларини издан чиқариши мумкин.

Ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси қонунни иккинчи бор парламент муҳокамасига олиб чиқди. Лойиҳа 2023 йилнинг февралида кўриб чиқилган, бироқ норозиликлар туфайли қайтариб олинган.

Ҳужжат 20 фоиздан кўпроқ маблағни хориждан олаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини «хорижий давлат манфаатларига хизмат қилувчи ташкилот» сифатида давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайди. Грузия бош вазири Иракли Кобахидзенинг фикрича, қонун грант олувчиларнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш учун зарур.

Яқинда Европа Иттифоқининг тўртта давлати «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун туфайли Грузияга қарши санкциялар қўллашни таклиф қилиши ҳақида ёзгандик. Эстония, Нидерландия, Чехия ва Швеция ЕИ ташқи ишлар вазирларининг май ойи охирида бўлиб ўтадиган йиғилишида чекловчи чораларни муҳокама қилишни бошлайди, дея қайд этган FT ўз манбаларга таяниб. Эҳтимолий вариантлар орасида Грузия фуқаролари учун ЕИда визасиз режимни бекор қилиш (2017 йилдан бери амалда), мақсадли санкциялар ва ЕИ фондлари маблағларини музлатиш бор.