24 май куни «Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни тақдим этиш тартибларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-193-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қарорга кўра, юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларга субсидиялар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар (қўллаб-қувватлаш чоралари) уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартибда жорий этилади.
Қўллаб-қувватлаш чоралари «В» ва ундан юқори рейтинг даражасига эга тадбиркорларга амалдагисига нисбатан қуйидаги миқдорларда тақдим этилади:
- «ААА» тоифа — амалдаги миқдорнинг 100 фоизи;
- «АА» тоифа — амалдаги миқдорнинг 90 фоизи;
- «А» тоифа — амалдаги миқдорнинг 80 фоизи;
- «ВВВ» тоифа — амалдаги миқдорнинг 70 фоизи;
- «ВВ» тоифа — амалдаги миқдорнинг 60 фоизи;
- «В» тоифа — амалдаги миқдорнинг 50 фоизи.
Қўллаб-қувватлаш чоралари рўйхатдан ўтганига 6 ой бўлмаган, шунингдек, президент фармонига мувофиқ 4 ва 5-тоифадаги туманларда фаолият юритаётган тадбиркорларга уларнинг рейтинг даражасидан қатъи назар амалдаги миқдорларда тақдим этилади.
Тадбиркорларнинг рейтинг даражаси:
- пасайган тақдирда, қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш 3 ой давомида сақлаб қолинади;
- юқорилаган тақдирда, қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги ойдан бошлаб янгиланган рейтинг даражасига мувофиқ миқдорларда тақдим этилади.
2025 йил 1 январдан subsidiya.mf.uz платформасида тадбиркорларга тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларининг турлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олган алоҳида реестр юритилади.