Ўзбекистонда 2024 йил якунига қадар шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) орқали фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда 24 май куни қабул қилинган президент фармонида сўз боради.

Бунда давлат хизматлари марказига (ДХМ) борган фуқароларга Face ID орқали хизмат кўрсатилган тақдирда, улардан шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмайди.

Фармонда, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатишда қўшимча қулайлик яратилгани айтилади. Унга кўра, 1 июлдан ID карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштиришни истаган фуқаролар хоҳишига кўра Mobile ID тизимида композит шаклда идентификация қилинади. ДХМ ҳамда нотариал идораларда Mobile ID тизимида идентификация ва қайта идентификациядан ўтиш бепул.

Аввал давлат рўйхатидан ўтказилган ва ҳозир ҳам амалда бўлган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотлар электрон тарзда давлат реестрига киритилади. Маълумотлар ҳақида давлат реестридан кўчирма бериш бепул бўлади.

Қолаверса, июль ойилан корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан архив ҳужжатлари ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида уларнинг электрон нусхалари талаб этилмайди.

Бундан ташқари, агар фуқаролар нотурар жойларни бошқа шахсга ўтказишга оид битимларни расмийлаштириш учун ДХМга келса, битим томонларининг шахси марказ ходими томонидан аниқлаштирилади. Расмийлаштирилган битим бир вақтнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтказиш учун кадастр органларига юборилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил 1 январдан Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилиши ҳақида хабар берилганди. Ҳужжат жисмоний шахсларнинг фуқаролик ҳолати ҳамда уларнинг шахсига доир бошқа маълумотларни ўз ичига олади. Ундан давлат хизматларини кўрсатиш, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, банк, коммунал, суғурта ва бошқа хизматларни кўрсатишда фойдаланилади.