Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари меҳнат миграцияси масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 27 май куни Тошкентда Владимир Путин билан кенгайтирилган таркибдаги музокаралар чоғида маълум қилди.

«Биз меҳнат миграцияси каби нозик масалага алоҳида эътибор қаратдик, тизимли ҳамкорликни ташкил этиш, самарали механизмларни жорий этиш муҳимлигини таъкидладик. Биз бу масалаларга жиддий тўхталдик. Владимир Владимирович ушбу нозик масала бўйича таклифларимни қўллаб-қувватлаганидан жуда мамнунман. Ўйлайманки, биз ҳали бу масалада ҳар икки томондан зарурий тартибни йўлга қўямиз», — дея давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда ТАСС.

Россия президенти Владимир Путин Россия ҳукумати ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун муносиб меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун ҳамма нарсани қилишини айтди.

«Таъкидлаб ўтмоқчиманки, Россия ҳукумати биз билан ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига муносиб меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун барча зарур ишларни қилмоқда ва қилади. Биз миграция соҳасининг барча долзарб масалалари бўйича Ўзбекистон расмийлари билан ҳамкорликни давом эттирамиз», — деди Путин Россия-Ўзбекистон музокаралари якунлари бўйича.

У Россияда 1 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси яшаб, меҳнат қилаётганини таъкидлади.

«Шавкат Миромонович (Мирзиёев) ҳамиша бунга катта эътибор қаратади, ҳозир ҳам бу ҳақда гапиряпмиз. Биз уларнинг Россия иқтисодиётини ривожлантиришга, айниқса, қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, транспорт ва логистика каби жадал ривожланаётган тармоқларга қўшаётган салмоқли ҳиссасини юксак қадрлаймиз», — деди РФ раҳбари.

Россия президенти, шунингдек, «уларнинг ватанига юбораётган пуллари, умид қиламанки, Ўзбекистон иқтисодиёти, мамлакатнинг турли минтақаларидаги оилалар учун салмоқли ёрдам бўлади», — деб таъкидлади.

Май ойида Шавкат Мирзиёев йил бошидан буён Ўзбекистонга 115 мингга яқин меҳнат мигранти қайтиб келганини, йил охиригача яна 250−300 минг фуқаро қайтиши кутилаётганини айтганди. Президент уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш муҳимлигини таъкидлаган.

2024 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 8,6 фоизга — 2,3 миллиард доллардан 2,5 миллиард долларгача ошди. Бу 2022 йил (1,46 миллиард доллар) ва 2021 йил (1,41 миллиард доллар) биринчи чоракларидан ҳам юқори. Россиянинг улуши 68 фоизга қисқарди (аввалги йилларда 78−87 фоиз эди).

Президент фармони билан меҳнат мигрантларининг касбий ва тил бўйича сертификатлар олиш билан боғлиқ харажатлари қопланади. Чет элда қийинчиликка учраганларга ёрдам берилади.