Ўзбекистон ва Россия кам қувватли атом электр станциялари (КҚАЭС) қуришда ҳамкорлик қилиши мумкин. Бу ҳақда Россия ҳукуматининг душанба куни эълон қилинган 22 майдаги қарорида айтилган.

Ҳужжатда «Росатом» давлат корпорациясига Ўзбекистон томони билан музокаралар олиб бориш ва келишувга эришилгандан сўнг 2018 йил 19-октябрдаги Москва ва Тошкент ўртасида Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги протоколни имзолаш топширилган.

Баённома лойиҳасига кўра, томонлар Ўзбекистонда нафақат иккита энергоблокли (ҳар бири 1,2 ГВт) 2,4 ГВт қувватга эга юқори қувватли атом электр станциясини қуришда, балки «ҳар бири 55 МВтгача бўлган, Россия дизайни бўйича босимли сув реакторига асосланган ва ҳар бири 6 тагача энергия блокидан иборат атом электр станциялари» қурилишида ҳам ҳамкорлик қилади.

Бундай қувват сув билан совитиладиган ядро реакторига асосланган РИТМ-200Н реакторга хос (55 МВт). Ушбу реакторлар Россиянинг атом музёрар кемаларида қўлланилади. Бундай биринчи атом электр станциясини Ёқутистонда қуриш режалаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистон президентининг фармони билан Атом энергиясини ривожлантириш агентлиги негизида Атом энергияси агентлиги ташкил этилгани, у Энергетика вазирлиги тизимидан Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. Агентлик корхоналар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, иқтисодиётдаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳуқуқини олди.

Бундан ташқари, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилмоқда, у ядро энергетикаси ва ядро технологиялари объектлари, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида хавфсизлик сиёсати учун масъулдир.