Минтақадаги биринчи кам қувватли атом электр станцияси Ўзбекистонда Россия технологияси асосида қурилади. Бу ҳақдаги ҳужжатлар, аввал хабар қилинганидек, Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида 27 май куни имзоланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикаси агентлигининг АЭС қуриш дирекцияси ва «Атомстройэкспорт» компанияси («Росатом» инжиниринг бўлими) Ўзбекистонда кам қувватли атом электростанцияси (КҚАС) қуриш бўйича шартнома тузди. Бундан ташқари, 2018 йил 7 сентябрдаги Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома имзоланди.

Атом энергетикаси агентлиги ва «Росатом» пресс-релизида айтилишича, ҚҚАС 330 МВт қувватга эга (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита ректор) бўлади ва Жиззах вилоятида қурилади. Станция қурилишида «Росатом» бош пудратчи бўлади, Ўзбекистон компаниялари ҳам иштирок этади.

Майдонда қурилиш ишлари ёзда бошланади. «Танланган майдон аллақачон текширилган, яроқлилиги ва хавфсизлиги тасдиқланган, бу лойиҳани амалга ошириш вақтини сезиларли даражада қисқартиради», — дейилади пресс-релизда.

атом энергияси агентлиги, кқас, аэс, кичик аэс, россия, росатом

«Прогнозларга кўра, Ўзбекистонда 2050 йилга бориб энергия ресурсларига бўлган талаб қарийб икки баравар кўпаяди ва, кўриниб турибдики, энергетика тизимининг барқарор ишлаши ва иқтисодиётнинг ривожланиши учун мамлакатимиз ўзини қайта тикланадиган энергия манбаларидан ташқари, асосий энергия манбалари билан ҳам таъминлаши керак», — деди Атом энергетикаси агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев.

«Биз ҳозир бутун дунёда ҳам юқори қувватли атом электр станцияларини қуриш, ҳам кичик модулли реакторлар лойиҳалари нуқтаи назаридан янги ядро қувватларини яратишга қизиқиш ортиб бораётганини кўрмоқдамиз. „Росатом“ билан ҳамкорликни кенгайтириш эса энергетика комплексимизни атом энергетикасидаги илғор технологиялар билан мустаҳкамлаш имконини беради, деб ҳисоблаймиз», — дея қўшимча қилди у.

«Росатом» учун бу КҚАС қуриш бўйича биринчи экспорт шартномасидир. «Ва бу шунчаки дастлабки келишув эмас, биз шу ёзнинг ўзидаёқ қурилишни бошлаймиз», — деди «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв.

Аввал ёзганимиздек, Шавкат Мирзиёев келишувга изоҳ берар экан, шундай деди: «Дунёдаги деярли барча етакчи давлатлар ўз энергетик хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини атом энергетикаси ҳисобига таъминламоқда. Агар биз Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига чиқиш истиқболлари ҳақида ўйласак, катта миқдордаги уран захираларига эга ва уни учинчи давлатларга экспорт қилаётган мамлакатимиз учун бу лойиҳа ҳаётий аҳамиятга эга».

КҚАС лойиҳаси РИТМ-200Н босимли сув реакторига асосланади — бу «ерга жойлаштириш учун инновацион кема технологиясини мослаштириш натижаси», дейилади ҳисоботда.

РИТМ-200Н`нинг иссиқлик қуввати 190 МВт, электр қуввати 55 МВт, хизмат муддати 60 йилгача бўлади. РИТМ-200Н реактори ишлаб чиқилган РИТМ 200 серияли реакторлари Арктика шароитида Россия музёрар кемаларида синовдан ўтказилган.

2012 йилдан бери «Арктика», «Сибир», «Урал», «Якутия» ва «Чукотка» универсал ядровий музёрар кемалари учун 10 та РИТМ-200 реакторлари ишлаб чиқарилган. Биринчи учтаси аллақачон фойдаланишга топширилган ва Арктиканинг ғарбий минтақасида кемалар карвонларини кузатиб бориш бўйича ўз мажбуриятларини бажармоқда.

Якутиядаги Усть-Куйга қишлоғида ҳам РИТМ-200Н реакторига асосланган КҚАС қурилмоқда. Биринчи энергия блокининг ишга туширилиши 2027 йилга, фойдаланишга топширилиши 2028 йилга режалаштирилмоқда. Мазкур объект саноат корхоналарини, жумладан, Кючус, Депутатское ва Тирехтях конларини ўзлаштиришни электр энергияси билан таъминлайди, дейилади матбуот хабарида.

«РИТМ-200Н асосидаги АЭС тўлиқ интеграциялашган схемага эга (бу лойиҳанинг юқори иқтисодий самарадорлигига эришиш ва станция хавфсизлигининг энг юқори даражасини таъминлаш имконини беради). Қурилиши режалаштирилган КҚАС хавфсизлиги кўп даражали тизимлар ва қобиқли тўсиқлар орқали таъминланади. Фаол (қувват манбаларини талаб қиладиган) ва пассив (қувват манбаисиз ишлайдиган) хавфсизлик тизимларининг комбинацияси станция хавфсизлигининг энг юқори даражасига эришиш имконини беради. Ушбу тизимлар авария эҳтимолининг олдини олади, станция дизайнига ўрнатилган бир неча даражадаги тўсиқлар эса радиоактив моддаларнинг атроф-муҳитга тарқалишини бартараф этади», — дейилади расмий хабарда.

Пресс-релизда таъкидланишича, КҚАСларнинг афзаллиги қурилиш муддатининг йирик АЭСларга нисбатан қисқароқлигида. МАГАТЭ маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб 50 га яқин ривожланишнинг турли босқичларидаги КҚАС лойиҳалари ва концепциялари мавжуд.