Ўзбекистон ва Россия республикада кам қувватли атом электр станцияси (КҚАЭС) қуриш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича «муҳим келишув»ни имзолайди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан кенгайтирилган музокаралар чоғида маълум қилди.

«Бугун биз Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан муҳим шартномани имзолаймиз. Биз унинг шартлари ва техник жиҳатларини узоқ вақтдан бери экспертлар даражасида муҳокама қилмоқдамиз. Ушбу стратегик лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш учун ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳозирлик бор», — дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «ТАСС».

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон ва Россия нафақат юқори қувватли АЭСни, балки кам қувватли АЭСларни (ҳар бири 55 МВт қувватга эга 6 тагача энергия блоки) қуришда ҳам ҳамкорлик қилиши мумкин. Россия ҳукумати «Росатом»га 2018 йилдаги ҳукуматлараро келишувга ўзгартиришлар киритиш бўйича протокол имзолашни топширди.

Ўзбекистон президентининг фармони билан Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги негизида Атом энергияси агентлиги ташкил этилиб, у Энергетика вазирлиги тизимидан Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилди. Агентлик компаниялар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, иқтисодиётдаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳуқуқини олди.

Бундан ташқари, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилмоқда, у ядро энергетикаси ва ядро технологиялари объектлари, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида хавфсизлик сиёсати учун масъул бўлади.