Ўзбекистонда 2024 йилнинг март ойида Teach for Uzbekistan нотижорат таълим лойиҳаси ишга тушди. Лойиҳа доирасида педагогик маълумотга эга бўлмаган 30 нафар ўзбекистонлик республика ҳудудларидан биридаги умумтаълим мактабларида дарс бериш учун танлаб олинади. Финалчилар икки йил давомида муайян фандан дарс беради ва шу билан бир вақтда тайёргарликдан ўтади.

Teach for Uzbekistan — дунёнинг 63 мамлакатида шу каби ташаббусларни қўллаб-қувватловчи Teach for All глобал тармоғининг ҳамкоридир. Ташкилотнинг мақсади ҳар бир болага, унинг ижтимоий мавқеи ва яшаш жойидан қатъи назар, сифатли таълим беришдан иборат.

Ўзбекистонда лойиҳага тадбиркор Фёдор Шеберстов координаторлик қилмоқда. У Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияда ҳам шу каби лойиҳаларга раҳбарлик қилган.

teach for all, teach for uzbekistan, таълим

Фёдор Шеберстов. Фото: Teach for Uzbekistan.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда лойиҳадан кўзланган мақсад — мактаб таълимини ривожлантиришга кўмаклашиш, ёш мутахассислар ва олий ўқув юртлари битирувчиларини оғир ижтимоий шарт-шароитлардаги мактабларда ишлаш учун жалб этишдан иборат.

Дастур олий маълумотга эга бўлган ёки 2024 йилда университетни тамомлаётган барча Ўзбекистон фуқаролари учун очиқ. Бугунги кунда Teach for Uzbekistan жамоаси мамлакатнинг энг яхши университетлари, жумладан, Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети, Вебстер университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, ЖИДУ, TEAM University ва бошқаларда ўз тақдимотларини ўтказиб келмоқда.

«Бизга [лойиҳада иштирок этиш учун] энг яхши 500 таликка кирадиган хорижий университетлар битирувчилари мурожаат қилади. Россияда Москва давлат университети, Санкт-Петербург давлат университети, Олий иқтисодиёт мактаби, Москва давлат халқаро алоқалар институти битирувчилари биз билан ишлаган. Teach for All Буюк Британияда Оксфорд ва Кембриж, АҚШда Гарвард, Принстон, Стэнфорд ва Айви-Лиганинг бошқа университетлари битирувчилари учун биринчи рақамли иш берувчи ҳисобланади».

Фёдор Шеберстовнинг таъкидлашича, одамлар бу лойиҳада, биринчи навбатда, болаларга ёрдам бериш ва дунёни яхши томонга ўзгартириш ниятида иштирок этиш истагини билдиради. Бу ерда орттириладиган иш тажрибаси ҳам, уларнинг шахсий маълумотномасига қўшиладиган салмоқли ҳисса ҳам иштирокчилар учун катта аҳамиятга эга.

teach for all, teach for uzbekistan, таълим

Фото: Азизбек Ҳамроқулов / «Газета.uz».

«Биз аллақачон АҚШ, Россия ва Европа давлатларида истиқомат қиладиган ўзбекистонликлардан резюмелар оляпмиз. Бугун Хитойда яшаётган қизни суҳбатдан ўтказдик. Teach for All дастури барча мамлакатларда улкан эътирофга сазовор бўлмоқда. Маълум бўлдики, дунёда бефарқ бўлмаган зўр одамлар жуда кўп экан», — дейди Фёдор Шеберстов.

Улар орасида турли касб эгалари бор. Масалан, маркетинг соҳасида 20 йиллик тажрибага эга мутахассис лойиҳа иштирокчисига айланиши мумкин. Мактабда у ўзи яхши билган, ўрганган нарсасини: тиллар, математика, табиий фанларни ўргатиши мумкин. Эҳтимол, бундай номзод бошланғич мактаб ўқитувчиси бўлар.

«Кўпчилик: „Педагогик маълумоти ва тажрибаси бўлмаган одам мактабда болалар билан қандай қилиб ишлаши мумкин?“, деган саволни беради. Гап шундаки, биз мактаб ўқувчиларини ўқита оладиган одамларни танлаб оламиз. Педагогик қобилиятга эга бўлган одамларни қандай ажратиб олишни биламиз, — дейди Фёдор Шеберстов. — Фарзандим Россиядаги, ҳар йили дунёнинг 100 мингга яқин мактаблари иштирок этадиган PISA дастури [Халқаро ўқувчилар билимини баҳолаш дастури]да 25-ўринни эгаллаган мактабда ўқиган. Бу мактабда педагогик маълумотли бирорта ўқитувчи йўқ эди. Лойиҳамизнинг афзаллиги — бу кенг танлов ва туғма педагогларни танлаб олиш имкониятидир».

Номзодлар профессионал рекрутерлар томонидан танланади. Фёдор Шеберстовнинг ўзи раҳбар ходимларни саралаб олиш бўйича 20 йиллик тажрибага эга. Ўзбекистонда кутилаётган рақобат даражаси, унинг фикрича, ҳар бир ўринга 20 кишини ташкил этади. Танлов иштирокчилари беш босқичли саралаш жараёнидан ўтади.

teach for all, teach for uzbekistan, таълим

Биринчи босқич — дастур сайтида ариза тўлдириш ва мотивация хати ёзиш. Мотивация хатида ариза берувчи нима учун мактабда ишламоқчилиги, вилоят мактабида икки йил давомида дарс бера олишига нима сабабдан ишонаётгани, қандай кўникмалари борлиги ва қайси тилларда гаплаша олишини кўрсатиши лозим.

Иккинчи босқич — бир соатлик онлайн суҳбат бўлиб, унда танлов комиссияси умумий саводхонлик ва номзоднинг белгиланган талабларга мувофиқлигини текширади. Иштирокчидан қайси фандан дарс беришни хоҳлаши сўралади ва тилни билиш даражаси текширилади.

Учинчи босқичда номзодлар «юзма-юз» деб аталадиган босқичдан ўтади. Иштирокчилар синов дарсларини ўтказади ва машқларни бажаради. Синовларнинг натижалари, Фёдор Шеберстовнинг айтишича, Тошкентдаги энг яхши ўқитувчилар томонидан баҳоланади.

Тўртинчи босқич — матрикуляция (ишга киришиш). Иштирокчилар мактаблардан бирига ва дарс машғулотларига боради, фанни муваффақиятли ўзлаштираётган ўқувчилар билан мулоқот қилади.

Якуний босқич — «Ёзги институт»да қатнашиш. Бу беш ҳафталик жадал таълим курси бўлиб, унда финалчилар мактабда иш бошлаш учун тайёргарликдан ўтади. Курс бир қатор, жумладан, педагогик маҳорат ва педагогика асослари, болалар психологияси, девиант хулқ-атвор, кўникмаларни ривожлантириш усуллари ва фан ўқитувчилари билан ишлаш каби фанларни ўрганишни ўз ичига олади. Шундан сўнг финалчилар мактабнинг ёзги оромгоҳида амалиёт ўтайди, синфга раҳбарлик қилишни ўрганади ва ўқув йили бошланишига тайёргарлик кўради.

teach for all, teach for uzbekistan, таълим

Teach for Uzbekistan педагогик тайёрлов дастурини Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети билан биргаликда ишлаб чиқади. Лойиҳанинг илк мавсуми иштирокчиларига Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан 2024 йил сентябрь ойидан бошлаб мактабларда иш бошлашга рухсат берилади. Teach for Uzbekistan ўз фаолиятини амалга ошириш учун вазирликдан аллақачон рухсат олган. Тез кунларда вазирлик билан меморандум имзоланиши режалаштирилган.

Финалчиларнинг барчаси мактабда икки йил дарс бериши керак. Иштирокчилар иш билан бир ҳам ўқийди, ҳам устоз-мураббийлар билан маслаҳатлашади ва натижаларни онлайн тарзда алмашиб боради. Бундан ташқари, дастур ўқув йили давомида ҳар ойда икки кунлик учрашувларни ҳам ўз ичига олади.

Иштирокчиларнинг юзма-юз учрашувларда иштирок этиши учун қулайлик яратиш мақсадида биринчи босқичда дастурни битта ҳудудда ишга тушириш режалаштириляпти. Режага кўра, лойиҳа Қўқон шаҳри ёки Тошкент вилоятида бошланиши мумкин.

Teach for Uzbekistan иштирокчилари стипендия ва турар жой билан таъминланади. Бутун дунёда дастур донорларнинг хайрия маблағлари ҳисобидан фаолият юритади. Фёдор Шеберстовнинг айтишича, лойиҳа Ўзбекистондаги йирик компаниялар билан жамғарма тузиш бўйича музокара олиб боряпти. Музокараларга Teach for Uzbekistan васийлик кенгаши аъзолари ёрдам кўрсатмоқда.

Кенга таркибида Президент администрацияси ҳузуридаги Ташқи алоқалар департаменти Ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни ахборот-таҳлилий таъминлаш бошқармаси бошлиғи Нозима Давлетова, Anglesey Food компанияси асосчиси Зафар Ҳошимов, Стратегик ислоҳотлар агентлигининг Эришилган натижаларни бошқариш офиси раҳбари Азиза Умарова ва лойиҳа бош директори Умида Йўлдошева бор.

teach for all, teach for uzbekistan, таълим

Тасвирий санъат галереясида 21 апрель куни бўлган Teach for Uzbekistan лойиҳаси тақдимоти. Фото: Teach for Uzbekistan.

Умида Йўлдошеванинг таъкидлашича, Teach for Uzbekistan тўртта вазифани ҳал қилишга қаратилган: болаларда билимга муҳаббат уйғотиш, уларнинг ўзлаштириш даражасини ошириш, мустақил ўрганиш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, XXI асрда зарур бўлган «юмшоқ кўникмалар»ни ривожлантириш. Мулоқотга осон киришиш (киришимлилик), етакчилик сифатлари, медиасаводхонлик кабилар шундай «юмшоқ кўникмалар» қаторига киради.

Умида Йўлдошеванинг сўзларига кўра, Teach for Uzbekistan’нинг ўзига хос жиҳати шундаки, иштирокчилар мактаб ўқувчиларига муайян фанни ўргатибгина қолмай, ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган ўз лойиҳаларини амалга ошириш билан ҳам шуғулланади.

teach for all, teach for uzbekistan, таълим

Иллюстратив сурат: ГЭФ КГД.

«Фараз қилайлик, дастур иштирокчиси муайян ҳудудга бориб, гендер тенгсизлиги, оиладаги зўравонлик ва сув ресурсларидан нотўғри фойдаланиш каби муҳим ижтимоий муаммоларни аниқлади. У бу борада ўз ҳаракатини бошлаши ёки бу муаммоларни ҳал қилиш учун лойиҳа ишлаб чиқиши мумкин».

Teach for All лойиҳасининг ўқитишга ёндашуви Ўзбекистондаги умумтаълим муассасалари ўқувчиларида кузатилаётган ўзлаштириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, ўзлаштириш даражасини ошириш имконини беради. Ўзбекистонлик ўқувчиларда ўзлаштириш билан боғлиқ муаммолар борлигини, жумладан, ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларини баҳолаш бўйича ўтказилган PISA тадқиқотида Ўзбекистон 81 мамлакат орасида 72-ўринни эгаллагани ҳам тасдиқлайди.

Шунингдек, дастур ўқитувчиларга ўз ўқитиш усулларини яхшилашда ёрдам бериши мумкин. Бундан ташқари, лойиҳа муваффақиятли ўқитишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни очиб бериши мумкин. Teach for Uzbekistan жамоаси томонидан Ўзбекистондаги мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари ўртасида ўтказилган сўровномада улар дуч келаётган асосий муаммолар аниқланди.

teach for all, teach for uzbekistan, таълим

Дастлабки икки йилда лойиҳа 72 минг болани қамраб олиши кутилмоқда: бунда 30 нафар ўқитувчининг ҳар бирига 150 га яқин ўқувчиси тўғри келади. Дастурнинг учинчи йилига келиб мактабларга 200 дан зиёд ўқитувчини киритиш режалаштирилган.

Дастурда иштирок этиш учун teachforuzbekistan.org веб-сайтида ариза тўлдириш лозим.