27 май куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳамда Россия Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияларини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича «муҳим келишув» имзолашини маълум қилди.

«ТАСС»нинг Ўзбекистон раҳбаридан иқтибос келтиришича, давлатлар лойиҳа шартлари ва техник жиҳатларини узоқ вақтдан бери экспертлар даражасида муҳокама қилмоқда. «Ушбу стратегик лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш учун ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳозирлик бор».

Президент, шунингдек, кичик АЭС қуриш лойиҳасини «ҳаётий аҳамиятга эга» деб атади. «Агар биз Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига чиқиш истиқболлари ҳақида ўйласак, катта миқдордаги уран захираларига эга ва уни учинчи давлатларга экспорт қилаётган мамлакатимиз учун бу лойиҳа ҳаётий аҳамиятга эга», — деди у.

Кейинроқ Россия технологияси асосида қуриладиган минтақадаги биринчи кам қувватли атом электр станцияси иши ёзда Жиззах вилоятида бошланиши маълум бўлди. «Росатом» учун бу шу турдаги станция қуриш бўйича биринчи экспорт шартномаси ҳисобланади.

Ўзбекистонлик айрим фаоллар қурилажак АЭС бўйича ўз муносабатини билдириб ўтди.

«Хавф-хатар ва фойдалари ўрганилиб, жамоатчиликка тақдим этилиши керак»

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг фикрича, атом электр станцияси ҳақидаги муҳокамаларда сал кўпроқ мулоҳаза қилиш даркор.

«Табиийки, Ўзбекистонга электр энергияси керак, энергетика қанча арзон ва кўп бўлса, фаровонлик ва ривожланиш учун шунча яхши. Лекин бизда муаммо электр ва энергетика соҳасини ислоҳот қилмаганимизда ёки қандайдир станция мавжудлигида эмас. Ҳозирги ҳолатда ҳам, ҳеч қандай АЭСсиз ҳам электрни импорт қила оламиз ёки уни ишлаб чиқариш учун ёқилғини импорт қила оламиз, унинг устига, анча нормал нархларда қуёш энергиясини ишлаб чиқарадиган корхоналарни жалб қила оламиз. Демак, „свет йўқлиги“ муаммоси — сунъий яратилган, нотўғри бошқарув ва хато қурилган электр энергия сиёсатининг меваси. АЭС қурилиши ҳал қилиб берадиган бир технологик муаммо эмас», — дея сўз бошлади иқтисодчи.

Унинг таъкидлашича, атом энергияси бўйича қарор биринчи ўринда иқтисодий мақсадга мувофиқми-мувофиқ эмасми, шуни билиб олиш керак.

«Масалан, уни қуриш учун неча пул ҳукуматимиз беради? Бошқа молиявий манбалар, жумладан, давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладими ва, энг асосийси, давлат қураётган бўлса, бу нарса ўзбекистонликларга қанчага тушади? Барча давлат ва нодавлат молиявий манбалардан ишлатилиши кўзда тутилган суммалар тўлиқ ва мутлақ очиқланиши керак. Бу фискал талаб қомусимизда ҳам белгиланган. Бундан тўрт йил олдин ҳозирги энергетика вазири билан қилган суҳбатимизда бу саволни сўраган эдим, лекин бу „сир“ бўлгани учун, айтмаган эдилар. Менда бу рақамлар очиқланмаслигига фалсафий маънодагина эмас, балки конституциявий маънода ҳам эътирозим бор. Сир ёки „тижорий сир“ жуда бир тор маънода ишлатиладиган нарса — фуқаровий лойиҳалар учун давлат пулининг харажати, табиийки, сир бўлиши нотўғри», — дейди мутахассис.

Беҳзод Ҳошимов «Аккую АЭС қурилганида туркияликлар уларга Руслар қуриб бераётган АЭС нархини аниқ билишгани, лекин муҳимроқ томони, битимда бошқа шартлар ҳам борлиги, яъни станциянинг нархидан ҳам муҳимроқ шартлар» бўлганига тўхталди.

«Ўшаларни гапиришимиз ҳам керак. Станцияни ким бошқариши, қандай нархда электр энергия сотилиши — жуда муҳим. Туркияда Россия тўлиқлигича ўз ҳисобидан қурилиш қилиб, энергияни бир 1 киловатт соати учун 12,5 центлик битим қилган. Бизга агар худди шу шартлар берилса, олишимиз керакми, деган ўринли савол бор. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда бундан арзонроқ генерация манбалари бор бўлса, қимматроқ атом энергетикаси қанчалик зарур? Биласиз, 12,5 центдан агар Ўзбекистон сотиб олса (шартларни билмайман, шартли шундай бўлса деяпман), бу 1500 сўмдан кўп, ҳозирги сотилиш нархидан ҳам анча баланд, бундан бир неча ой аввал, бошқа манбалардан генерацияни 1000 сўм атрофида деяётган эди ҳукумат. Агар айнан шундай бўлса, АЭС иқтисодий маънода бизга пулни иқтисод қиладими, йўқми?» — дея савол қўйди у.

Иқтисодчи бунда яна бир муҳим масала — пудратчини танлаш масаласи борлигини қайд этди:

«Росатомдан бошқа корхоналар тендерда иштирок этишганми? Франция, Япония каби мамлакатларда атом энергетикаси ўта ривожланган, улар ҳам жуда зўр станциялар қуришади, уларнинг корхоналари қандай таклиф беришган бизнинг ҳукуматга? Нега айнан Росатом?»

«Бу саволни беришимнинг сабаби, албатта, бундай нарсада сиёсатнинг ҳам ўрни йўқ эмас. Россия энергетикасидан Европа деярли бутунлай воз кечди — бунинг учун тўлақонли Европадаги уруш сабабчи бўлди. Қачондир Германия Рус энергетикаси арзон деб, сиёсий ҳисоб-китобларни писанд қилмасдан, фақатгина иқтисодий ҳисобга таяниб қарор қилган эди ва бу қарори анча қимматга тушди», — дея мисол келтирди Беҳзод Ҳошимов.

«Лекин биздек анча кичик мамлакат учун АЭСда асосий пудратчи Россия давлати ва давлат корхонаси бўлиши жуда катта савол бўлиши керак. Қандайдир маънода, агар Японлар ва Руслар бир хил нархга таклиф беришса — Японларни танлаш керак деган бўлар эдим, нархи бир хил бўлса ҳам, ҳар ҳолда, сиёсий рисклари анча кам. Уруши ҳали ҳам тугагани йўқ ва янги санкциялар киритилса — масалан, биздаги станция ва унинг истеъмолчилари — ўзбекистонликларга асоратлари ҳам, менимча, ҳали ҳам очиқ савол. Бундан ташқари, ҳозирги кунда Ўзбекистон ўз энергетикасини модернизация учун олаётган маблағлар асосан ғарбий ёки ғарб бошчилик қиладиган молиявий институтлардан келмоқда. Бу ташкилотларнинг барчаси Россияга санкция қўллашган. Энди биргина АЭСни деб бутун бошли энергетик тизимнинг модернизацияси учун технологиялар ва маблағни олиш манбаси йўқ бўлиб қолиши хавфи мавжудми? Билмадим, лекин, албатта, жуда кўп тафаккур қилиб қарор қабул қилиш керак бўлган масала», — деб ёзди у.

Иқтисодчи Украинада давом этаётган уруш кўп нарсани ўзгартириб юборганини таъкидлади.

«Хитой молиявий тизими ҳам ғарбий санкцияларга амал қилиб, Рус транзакцияларни блоклаши Хитой учун тўғри қарор эди. Бизга ҳам сабоқдир шу. Руслар қилаётган урушнинг асоратларидан бири — илғор технологиялардан кесилиш — бу ҳам АЭСга таъсир ўтказадими? Ривожланган дунёнинг охирги технологияларисиз қурилган АЭС, албатта, яхши бўлмайди, бу ҳам, менимча фактор. АЭС қурилиши, биздаги бошқа лойиҳалар учун технологияни олиб келишга тўсиқ бўлмайдими? Ўзбекистонга энергетик технологиялар сотаётган Air Products`ми ёки Siemens`ми, ўша технологиялар эртага мамлакатимизда фаолият олиб бораётган Росатомга тушиб қолишидан қўрқиб, сотилиши чекланса — бу рискларни қанчалик ҳисобга олганмиз Росатом билан ишлаб? Булар катта саволлар», — деди Ҳошимов.

Иқтисодчи фикрига хулоса ясаркан, АЭС қурилиши бўйича барча маълумотларни очиқлашга чақирди.

«Харажатлар қанча ва ким томонидан тўланиши, халқ бўйнида ўлпон бўлиб қолмаслиги ҳақида мулоҳазалар керак, менимча, ҳукумат анча шаффофроқ ишлаши керак. Электр сотилиши шартлари ва контрактнинг барча деталлари очиқланиши керак. Бозорни ўрганишимиз ва бошқа альтернатива бўла оладиган барча таклифларни кўриб чиқишимиз керак. Бу муҳим стратегик қарор бўлгани учун парламент аъзолари ҳам бу нарсага овоз беришлари керак. Чунки бу фақатгина Энергетика вазирлигида қабул қилинадиган техник бир вазифа эмас, балки сиёсий асоратлари, стратегик асоратлари бор қарор. Ҳамма хавф-хатар ва фойдалари ўрганиб чиқилиб, жамоатчиликка тақдим этилиши керак, шунда қарор тўғри бўлса, ўйлайманки, ўзбекистонликлар янги яшил энергетика манбасининг бўлишига қаршилик қилмаслар. Балки буни Японлар қурар, балки ўзимизнинг уран бўлгани учун ишлаб чиқиш харажатлари пастроқ бўлар — шу каби барча деталлар билан танишишимиз керак. Мен АЭС ғояси тўғри бўлиши мумкинлигига ишонаман. Чунки бу анча хавфсиз ва яшил технология. Лекин айнан ҳозир ва айнан Россия билан ишлашнинг иқтисодий ва сиёсий ҳисоб-китоблари очиқ бўлиши керак деб ўйлайман. Шунда мулоҳаза тўғри бўлар эди. Менимча», — деб сўзини якунлади Беҳзод Ҳошимов.

«Ўзбекистонда Россия АЭСи қурилмасин!»

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев «бир ўзбекистонлик сифатида бу лойиҳага тўлиқ қарши».

"Ёзда қурилиши бошланаркан. Хўп, АЭС керакдир, лекин нега «кам қувватли АЭС» — шунча овора бўлиб қурганга яраша у-бу кам-кўстимизни тўлдирадигани қурилмайдими, эй ЎзАтом? Нега Россия билан қуриш керак буни, нега бир очиқ танлови, тендери йўқ, эй Энергетика вазирлиги? ЎзАтом нега ўз хабарида бунинг нархини, қайси пулга қурилишини эълон қилмайди? Нега айнан Жиззахда қурилади, қурилиш нега ёздаёқ бошланади, нега айнан Россия билан, нега айнан кам қувватли АЭС — тегишли вазирлик ва идоралар бу жиҳатларни халққа тушунтирмайдими Ўзбекистонда Россия АЭСи қурилмасин! Бир ўзбекистонлик сифатида ман бу лойиҳага тўлиқ қаршиман!" — деб ёзди у.

«Йўқ, йўқ ва яна йўқ!»

Молиячи Отабек Бакиров ўз муносабатини шундай сўзлар билан бошлади.

"АЭС бу — сиёсий хатар. Давлат мустақиллигини сўроқ остида қолдиради. АЭС бу — иқтисодий хатар. АЭС бу — ижтимоий хатар. АЭС бу — экологик хатар", — дея таъкидлади у.

"Ёлғон гапириладиган маконда, ҳукумат халққа ҳисобдор бўлмаган юртда АЭС қурилмаслиги керак. Қайси ақл дунёни ядровий шантаж билан қўрқитаётганларга, ўзлари қурган иккита АЭСни босиб олганларга АЭС қурилишини ишониб топшириши мумкин? Бугун бор, эртага йўқ қанақадир [Алишер] Султоновлар, қанақадир [Жўрабек] Мирзамаҳмудовлар, қанақадир [Азим] Ахмедходжаевлар АЭС қуриб тажриба ўтказишмоқчи бўлишса, марҳамат, бунинг учун Ўзбекистондан бошқа макон танлашсин. Мен рози эмасман, рози бўлмайман. Бизнинг Ўзбекистондан бошқа захира ватанимиз йўқ!" — деб ёзди Бакиров.

Шуҳрат Қурбонов ўзининг Telegram`даги Kurbanoff.net каналида кичик АЭС қуришмоқчи экани, олдинроқ ҳам буни хоҳлашгани, лекин ўшанда гап каттароқ АЭС ҳақида кетганини қайд этди ва сатирик-ёзувчи Михаил Жванецкийнинг "Я видел раков" монологидан парча келтирди.

"Вот и выбирай,
по пять, очень большие, но вчера,
либо по три, маленькие, но сегодня, понял?
Не все, но понял, но не все? Но все-таки понял…
Хотя не все, но сообразил почти, да?
Хотя не все сообразил, но сообразил.
Хотя не все.
Ну пошли. Не знаю куда, но пошли. Хотя не знаю куда.
Но надо идти. Хотя некуда.
Уже три — надо бежать…
Но некуда… В том-то и все дело…"

Собиқ депутат Расул Кушербаев АЭС қурилишидаги айрим жиҳатлардан хавотирда.

"Ўзбекистон келажаги, экологик хавфсизлиги борасидаги ушбу жиддий қадамга киришишда жамоатчилик фикри қанчалик инобатга олингани номаълум. Нима бўлгандаям, ушбу АЭС келажакда кимларнингдир қўлида Ўзбекистонга босим ўтказиш ва шантаж воситасига айланиб қолмаса бўлди. Хавотиримиз шунда", — деб ёзди у.

Таълим соҳаси бўйича эксперт Комил Жалилов журналист Муҳрим Аъзамхўжаевнинг АЭС бўйича ёзган постини улашар экан, у ҳам мазкур лойиҳага қарши эканини билдирди.

"Мен ҳам қаршиман. Халқаро ҳуқуқни, бошқа давлатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, тинч аҳоли ҳаётини бир тийинга олмайдиган, атом электр станцияларидан шантаж қуроли сифатида фойдаланадиган давлатга АЭС қурилишини бериб қўйиб бўлмайди", — дея таъкидлади Жалилов.

Блогер Мирзо Зоминий одамларни сиёсий саводхонликка чақирмоқда.

"Аввал ҳам айтганман, яна қайтараман: ахборот оладиган манбаларингизни фильтрлаб олинг. Сиёсий саводхонликни оширинг. Аҳолининг катта қисмига АЭС оқлаб-кўклаб берилиши, унинг фойдалари, Россиянинг тендерсиз ҳам уни қуриши адолатданлиги ҳали бот-бот сингдирилади. Катта аудиторияга эга сизу биз билган манбалар унинг нақадар ижобийлигини такрор-такрор ёзади. Нормал жамиятларда парламент нимадир муносабат билдирарди. Бош омон бўлса, кўраверамиз экан", — деди у ўз блогида.