Ўзбекистон ва Россия Россия газини етказиб беришни кўпайтириш учун «Марказий Осиё — Марказ» қувурлари тизимининг қувватини кенгайтириш устида ишламоқда. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин 27 май куни Тошкентда Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунлари бўйича матбуотга берган баёнотида маълум қилди.

2023 йил 7 октябрдан Ўзбекистон Қозоғистон ҳудуди орқали Россиядан газ импорт қилиб келади. Икки йилга тузилган шартнома йилига 2,8 миллиард куб метр етказиб беришни назарда тутади.

«Охирги қиш қандай бошланганини эслайман. Ўзбекистонда аномал совуқ туфайли оғир вазият юзага келди. Шавкат Миромоновичнинг қайғургани ва бу муаммони ҳал қилиш учун барча имкониятларни излагани эсимда. Табиийки, барчамиз келажак ҳақида ўйлаймиз, иқлим ўзгармоқда, олдиндан қандайдир қадамлар ташлашимиз керак», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда «Марказий Осиё — Марказ» қувури тизимининг қувватини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда, бу эса 2025 йилда Ўзбекистонга юбориладиган газ ҳажмини 11 миллиард куб метрга етказиш имконини беради.

Россия энергетика вазири Сергей Цивилев «Биринчи канал»га берган изоҳида Россия ва Ўзбекистон нафақат газ, балки электр энергияси етказиб беришни сезиларли даражада ошириш бўйича фаол музокаралар олиб бораётганини айтди. Ҳажмлар ҳамон музокаралар мавзуси бўлиб турибди.

Шавкат Мирзиёев Россияни табиий газ, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш бўйича стратегик ҳамкор деб атади. «Газни ташиш тизимини модернизация қилиш, газ, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш, Россиянинг углеводородларни қайта ишлаш бўйича етакчи компаниялари билан лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишув мавжуд», — деди у.

Аввал хабар берганимиздек, «Ўзтрансгаз» давлат компанияси 2024−2030 йилларда «шимолдан» газ импорти ҳажмини ошириш учун магистрал газ тизимини 500 млн долларга модернизация қилмоқчи. Ўзбекистон ҳозирда бу йўналиш орқали Россия газини олади. Етказиб бериш ҳажмини кунига 9 млн куб метрдан 32 млн куб метргача ошириш режалаштирилган.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги раҳбари нега мамлакат ёнида гази кўп Туркманистон бор бўла туриб, узоқроқ бўлган Россиядан ҳам газ импорт қилаётганига, шунингдек, бошқа давлатларга газ экспорт қилинаётганига тушунтириш берганди. Ўшанда у Россиядан газ етказиб бериш масаласини сиёсийлаштириш нотўғри эканини айтган.

2023 йилда Ўзбекистон экспорт қилганидан кўра кўпроқ газ импорт қилди. Етказиб бериш ҳажмлари орасидаги фарқ 165 млн доллардан ошди. «Газета.uz» мамлакат ичидаги улкан газ захираларига қарамай, бундай ҳолат юзага келишига сабабчи бўлган омилларни таҳлил қилганди.