Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин музокаралар ҳамда ҳудудлар кенгаши йиғилишидан сўнг тонгги соат учгача мулоқотни давом эттирди. Бу маълумотни «Газета.uz»га Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов тасдиқлади.

16:48 да таҳририят сўровига жавобан у давлат раҳбарлари «тет-а-тет форматида мулоқот қилишда давом этаётганини» айтди.

«Мулоқот жараёнида Ўзбекистон ва Россиянинг вазирлари ва ҳудудлари раҳбарлари телефон орқали кўрсатма ва топшириқлар олмоқда», — деди у.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасбини уйига ҳам таклиф қилганини айтди.

«Кеча улар тахминан соат учгача гаплашганини биламан. Ўзбекистон президенти [Россия] президентини ўзи яшаётган уйига ҳам таклиф қилган. Яъни бу мутлақо ўзаро ишонч руҳидаги мулоқот, айни шундай ҳақиқий, ўзаро дўстлик», — деди Песков сешанба куни соат 16:12 да журналист Павел Зарубиннинг Telegram каналида эълон қилинган изоҳида.

Унинг сўзларига кўра, бугун иккала давлат раҳбарлари қисман норасмий руҳда, қисман эса иш масалаларини муҳокама қилган ҳолда, аэропортга чиқишдан олдин биргаликда нонушта қилишга қарор қилган.

Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи режалаштирилганидек икки кун эмас, бали учинчи кун ҳам давом этмоқда. Россия раҳбари Тошкентга 26 май куни кечки пайт келганди.

«Биринчидан, эҳтимол, икки томонлама муносабатлар ҳажми [бунга сабаб бўлган бўлиши мумкин]. Кун тартиби шу қадар мазмунли, шу қадар аниқ, кенг қамровлики, у давлат раҳбарларидан жуда батафсил ишлашни талаб қилади. Россия делегациясининг мисли кўрилмаган даражада катта таркиби ҳам шу билан изоҳланади. Ва бунинг устига жуда яхши шахсий муносабатлар ҳам қўшилади… Шунинг учун бу ерда ҳамма нарса ўзаро бирлашади, шу сабабдан биз бу ерда узоқ вақт бўлдик. Аммо, яна таъкидлаб ўтиш керакки, бу байрамона эмас, мутлақо амалий аҳамиятга эга [ташриф]», — деди у.