Сурхондарё вилояти Узун туманида икки минг йиллик тарихга эга шаҳар қолдиқлари топилди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, қидирув Ўзбекистон-Хитой қўшма археологик экспедицияси томонидан амалга оширилган. Тадқиқот ишлари давомида 4 минг йиллик тарихга эга қабрлар ва 2 минг йиллик шаҳар қолдиқлари топилган.
Хусусан, турли хил сопол идишлар, қурол-аслаҳалар, тақинчоқлар, ҳайкалчалар, шаҳарча миноралари қолдиқлари ҳамда турли қадимий қабрлар аниқланган.
Олимларнинг дастлабки хулосаларига кўра, ушбу археологик топилмалар милоддан аввалги II — милодий III асрларга оид Қанғ, Кушон ва Юечжи (Массагетлар) даврига тегишли экани аниқланган, дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳудудда Ўзбекистон-Хитой қўшма археологик экспедицияси томонидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги Хўжа Равшан обидаси ҳудудида Амир Темур даврига мансуб қишлоқ харобалари, хусусан, 4 та хона, кошин, сирланган сопол, металлдан ясалган хўжалик жиҳозлари топилганди.