Грузия парламенти кўпчилик овози билан мамлакат президенти Саломе Зурабишвилининг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун номи билан танилган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунга қўйган ветосини четлаб ўтди, дея хабар берди Paper Kartuli.

Ветони четлаб ўтиш учун 84 нафар депутат ёқлаб, 4 нафари эса қарши овоз берди. Аксарият мухолифат вакиллари норозилик сифатида йиғилишни тарк этиб, парламент олдидаги митингга қўшилди, деб ёзди NewsGeogia.

Конституцияга кўра, қонун эндиликда уч кун ичида президентга имзолаш учун қайтариб юборилади. Агар у буни яна рад этса, парламент спикери қонунни имзолаши мумкин бўлади. Бу лавозимни ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси вакили Шалва Папуашвили эгаллаб турибди.

Қонун кучга кириши билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари Конституцион судга жамоавий даъво билан мурожаат қилиши мумкин. Қонун судда кўриб чиқилаётган даврда унинг амал қилиши тўхтатиб турилиши мумкин, дея аниқлик киритди Paper Kartuli.

Парламент мажлиси навбатдаги митинг фонида бўлиб ўтди. Депутатлар намойишчиларнинг ҳуштаклари овози остида парламент биносини тарк этди.

«Хорижий агентликлар тўғрисида»ги қонун

Оммавий норозиликларга қарамай, 14 май куни Грузия парламенти «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. Ҳукмрон партия иккинчи уринишда ҳужжатни қабул қилдиришга муваффақ бўлди. 2023 йили жамоатчилик танқиди ва кўплаб митинглар ортидан расмийлар уни қайтариб олишга мажбур бўлганди.

Қонун молиялаштиришнинг 20 фоиздан ортиғини хориждан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини «хорижий давлат манфаатларини илгари сурувчи ташкилот» сифатида давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайди.

Мухолифат вакиллари ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ушбу ҳужжатни Россиянинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунчилигига ўхшашлиги учун «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун деб атамоқда. Уларнинг таъкидлашича, қонун Грузиядаги танқидий овозларни бостириш ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш имкониятларини йўққа чиқаришга уриниш ҳисобланади. Намойишлардаги асосий шиор «Европага — ҳа. Россия қонунларига — Йўқ», бўлди.

Ўз навбатида, «Грузия орзуси» партиясидан бўлган мамлакат бош вазири Иракли Кобахидзе қонун грант олувчиларнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш учун зарурлигини айтди.

Европа Иттифоқи ва АҚШнинг муносабати

Европа Иттифоқи Грузия парламентининг президентнинг «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунга қўйган ветосини четлаб ўтганидан «чуқур афсусда» эканини билдирди. Баёнотда айтилишича, қонун Европа Иттифоқининг асосий тамойиллари ва қадриятларига зид ва бу Грузиянинг ЕИга бўлган йўлига «салбий таъсир кўрсатади». Европа Иттифоқи ва унинг аъзолари «ушбу воқеаларга жавоб беришнинг барча вариантларини кўриб чиқмоқда», дейилади баёнотда.

Financial Times маълумотларига кўра, Европа Иттифоқининг айрим давлатлари Грузияга қарши санксиялар жорий этиш ҳақида ўйламоқда. Мумкин бўлган вариантлар орасида Грузия фуқаролари учун ЕИда визасиз режимни бекор қилиш (2017 йилдан бери амалда), нуқтали санксиялар ва ЕИ фондлари маблағларини музлатиш каби чоралар бор.

АҚШ Давлат департаменти аввалроқ қонун қабул қилинишига жавобан Грузиядаги «демократияга путур етказиш»да айбдор шахсларга нисбатан виза чекловлари жорий этилаётганини эълон қилганди. Вашингтон, шунингдек, Қўшма Штатлар ва Грузия ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама кўриб чиқиш жараёнини бошлаб юборди.