Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 30 май куни президент билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида 1 майдан тарифлар оширилганидан кейин Ўзбекистонда электр ва газ истеъмоли қандай ўзгаргани ҳақида гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, 1−29 май кунлари электр энергияси истеъмоли ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 324 миллион кВт/соатга камайган, яъни «бу ҳажм тежалган».

«Айтиб ўтиш керакки, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан аҳоли орасида абонентлар сони 160 мингдан ортиққа ошган, юридик истеъмолчилар, яъни ишлаб чиқариш корхоналари сони ҳам ортган. Яъни, истеъмолчилар ортди, иқтисодиёт, саноатнинг ўсиши билан бирга, умумий истеъмол тушгани энергия тежамкорлик таъминланаётганининг исботи деб кўрса бўлади», — деди вазир.

Энергетика вазирлиги раҳбарининг айтишича, қуёш ва шамол электр станцияларида 970 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 700 миллион кВт/соатга кўпдир.

«Шу билан биргаликда, биз импорт қилган электр энергиямиз ҳажми камайди ҳамда электр энергиясини ички истеъмолчиларни тўлиқ таъминлаган ҳолда экспорт қилиш имкониятига эга бўлдик. Худди шу тенденцияни газда ҳам кўрса бўлади. Умумий абонентлар сонининг ошиши билан бир қаторда май ойининг 29 кунида истеъмол 125 миллион куб метрга камайди. Кунлик истеъмолга қаралса, иссиқлик электр станцияларида режадагидан кўра 5−6 миллион куб метр газ, шунингдек, 2 баробар кам кўмир ёқиляпти», — деди у.

«Газета.uz» янги тарифлар жорий этилиши билан аҳоли харажатлари қанчага ошишини батафсил ва мисоллар билан таҳлил қилганди. Энергетика вазири янги тарифларни белгилашда харажатларнинг бир қисмини қоплаш, шунингдек, табиий газни импорт қилиш харажатлари ҳисобга олинганини қайд этган. Ижтимоий меъёрларни қайта кўриб чиқиш ҳали режалаштирилмаган.