Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан икки нафар тадбиркор табиий газдан фойдаланганлик учун ноқонуний қарздорлик ёзилгани тўғрисида мурожаат қилди.

Апрель ойида Тошкент вилоятида автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси фаолиятини кўрсатувчи корхона қўмитага мурожаат қилиб, «Ҳудугазтаъминот» филиали 9,6 миллиард сўм миқдорида асоссиз қарздорлик ҳисоблаганидан норозилик билдирган.

Hududgazta’minot korporativ tizimi электрон дастурида олиб борилган ўрганишлар натижасида қарздорлик бартараф этилди.

Яна бир ҳолатда март ойида Сирдарё вилоятида ёқилғи қуйиш шохобчасига эгалик қилувчи корхона ҳам «Ҳудугазтаъминот» асоссиз равишда 5,3 миллиард сўм пеня ҳисоблаганини билдирган.

Бу тадбиркорнинг ҳам қарзи бекор қилинди.

«Қўмита тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ваколат доирасида амалий ёрдам кўрсатишга доимо тайёр эканлиги билдирилади», — дейилади хабарда.