Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш (ОСАГО) бўйича 2019 йилда тасдиқланган суғурта тарифи миқдорини қайта кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Агентликка кўра, суғурта тарифи миқдорини қайта кўриб чиқишга бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Сўнгги йилларда суғурта ташкилотлари томонидан суғурта товонларининг ўз вақтида тўланмаётгани ҳамда тўланиши мумкин бўлган максимал миқдор автотранспортга етказилган зарарларни қоплашга етарли бўлмаётгани бўйича транспорт воситалари эгаларининг мурожаатлари сони кўпайган.

Таҳлилларга асосан, 2019 йилда тасдиқланган 56 минг сўмлик суғурта мукофоти миқдори суғурта ташкилотлари учун зарарларни қоплашга етарли бўлмагани сабабли турли хил йўллар билан тўловлар кечиктириб келинмоқда, дея қайд этган ИЛМА.

Регуляторга кўра, 2023 йилда Тошкент шахрида зарарлилик даражаси 146 фоизни ташкил этган.

«2019 йилдан бошлаб барқарор белгиланган 40 млн сўм суғурта суммаси йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланувчиларга етказилган зарарлар бўйича харажатларини етарли даражада қоплашга имкон бермай қолди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистонда истеъмол нархи индекси охирги 5 йил давомида 160 фоизга ошган, бундан ташқари, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўсиши 265 фоизни ташкил этган, базавий ҳисоблаш миқдори эса 168 фоиз ўсиш динамикасини кўрсатган.

Мамлакатда белгиланган суғурта пули ва суғурта мукофоти хозирда яқин қўшни давлатлар ҳамда чет эл давлатлар билан солиштирганда энг кам кўрсаткични ташкил этади, дея қайд этди ИЛМА.

Мазкур муаммо ечими сифатида асосли ҳисоб-китоблар натижасида, яъни «транспорт воситалари эгалари ва суғурта ташкилотлари учун мақбул суғурта тарифлари ва суғурта суммасини» белгилаш режалаштирилмоқда.

Агентлик янги суғурта тарифлари ва суғурта суммасини белгилаш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларни Napp_connect_bot Telegram ботига юборишни сўради.