Президент ташрифи доирасида 31 май куни Бухоро вилоятида йирик энергетика ва транспорт мажмуаларининг қурилиши бошланди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда қайта ишлаш саноати ҳажми 1,4 баробарга кўпайиб, биргина ўтган йилда 553 триллион сўмни ташкил этди. Бухорода эса бу кўрсаткич 1,6 баробарга ошиб, 30 триллион сўмга етди.

Бундан ташқари, вилоятда 7 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ҳисобидан 41 та ва яна шунча қийматдаги 39 та маҳаллий лойиҳа бўйича иш олиб борилмоқда.

«Энди яна учта йирик иншоот — газ-кимё мажмуаси, қуёш электр станцияси, Бухоро халқаро аэропорти қурилиши режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, мазкур мажмуалар қурилишини бошлаб берди.

«Қоракўл» газ-кимё мажмуаси

«Қоракўл» эркин иқтисодий зонасида қуриладиган газ-кимё мажмуаси мамлакатдаги мethanol to оlefins (MTO) технологияси асосида ишлайдиган биринчи завод бўлади. МТО ГКМ тежамкор газни (Ўзбекистонга хос, қимматли компонентлари кам бўлган қуруқ газ) қайта ишлаб, полипропилен, паст ва юқори зичликдаги полиэтилен, полиэтилентерефталат ишлаб чиқаради.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳа 5 миллиард долларга яқин инвестицияларни жалб қилади (компания сайтида 3,1 миллиард долларлик инвестициялар ҳақида маълумот берилган, 2020 йилда лойиҳанинг тахминий қиймати 2,8 миллиард долларга, 2021 йилда эса 2,5 миллиард долларга баҳоланганди, 2022 йил июль ойида — 4 миллиард доллар, яъни объектнинг нархи тахминан икки баравар ошган) ва АҚШ, Германия, Дания, Австрия, Италия ва Хитойдан илғор технологиялар келтириб ўрнатилади.

Лойиҳа доирасида қарийб 5 миллиард доллар инвестиция жалб этилиб, АҚШ, Германия, Дания, Австрия, Италия ва Хитойнинг энг илғор технологиялари келтириб ўрнатилади. Ягона мажмуа доирасида йилига 1,3 миллиард метр куб табиий газ ва 430 минг тонна нафта қайта ишланиб, Ўзбекистон ва жаҳон бозорида талаб юқори бўлган 1,1 миллион тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай маҳсулотлар газ нархига нисбатан 5 баробар кўп қўшилган қиймат беради.

Янги заводда 2 минг киши иш билан таъминланади. Шунингдек, у қурилиш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, автомобилсозлик, электротехника ва бошқа турдош соҳаларда ўнлаб корхоналар, яна 4 мингта иш ўрни очилишига туртки бўлади.

Ушбу лойиҳалар ишга туширилиши натижасида Бухорода нафақат туризм, балки саноат ҳам ҳақиқий «драйвер»га айланади, деди президент.

Masdar компанияси қурадиган ҚЭС

Хабарда айтилишича, иқтисодиётнинг барқарор ўсиши электр энергияга бўлган талабни йилига ўртача 6 фоизга оширмоқда. Шу боис жойларда янги генерация қувватлари қурилмоқда.

Сўнгги йилларда 2 миллиард доллар хорижий инвестиция ҳисобига қуввати 2 гигаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станцияси тармоққа уланган. Бугунги кунда хорижий шериклар билан жами 19 миллиард долларлик 18,3 гигаваттли 32 та «яшил» генерация қувватлари қурилмоқда.

Жорий йилнинг ўзида 14 та қуёш ва шамол станциясининг дастлабки 2,6 гигаватти тармоққа уланади. Натижада мамлакатда ишлаб чиқариладиган жами қувватда муқобил энергия улуши 9 фоиздан 15 фоизга ошади. Умуман, 2030 йилгача бу кўрсаткични 40 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Ҳозирги кунда Бухорода қарийб 4,5 миллиард доллар хорижий инвестиция ҳисобига қуввати 4 гигаваттли 9 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Энди уларнинг сафига БААнинг Masdar компанияси томонидан қуриладиган 250 мегаваттли қуёш электр станцияси ҳам қўшилади. Бу лойиҳа учун Олот туманидан 648 гектар ер ажратилган. Станция 2025 йил декабрда ягона электр тармоғига уланиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Бухоро вилоятида Саудия Арабистонининг ACWA Power, Хитойнинг Gezhouba компаниялари томонидан ҳам муқобил энергия мажмуалари қурилмоқда. 2030 йилга бориб вилоятдаги қувватлар 9 карра ортиб, йилига 12,5 миллиард киловатт соат «яшил» энергия ишлаб чиқарилади.

Янги халқаро аэропорт

2023 йилда Бухорога 1 миллион 400 мингга яқин хорижий туристлар ташриф буюрган. Шу сабабли вилоят халқаро аэропортида парвозлар сонини кўпайтириш талаб этилмоқда, дейилади хабарда.

Шу боис хусусий шериклик шартлари асосида Бухоро туманида янги халқаро аэропорт қуриш кўзда тутилган.

226 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос аэропорт инфратузилмаси ташкил этилади. Соатига 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Йўловчи ва ҳаво кемаларига сервис сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпаниялар жалб қилинади.

Шу ерда Бухоро вилоятида қурилиши режалаштирилган мажмуалар, жумладан, янги аэропорт лойиҳаси тақдимот қилинди.