Яқинда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори этиб тайинланган Жаҳонгир Азимов фотограф Камиль Еникеев билан содир бўлган воқеага муносабат билдирди. Аввал ёзганимиздек, у Тошкентдаги собиқ МХХ мажмуаси ҳудудидан эман дарахтларини кўчиришга масъул бўлган Muna Mug компанияси раҳбари Фаррух Ҳакимовнинг тажовузкор хатти-ҳаракатларига дуч келганди.

Жаҳонгир Азимов ўзининг Telegram каналидаги «Камиль Еникеев кейси бўйича шахсий фикр» номли постида шундай ёзади: «Ўша кунги воқеалар ривожини тўлиқ ўрганиш керак. Фаррух Ҳакимов Камилнинг машинасига қандай келиб қолди? Нега компания директори бу тарзда қўпол гапирди? Камиль қанча вақт у ерда эди? Бу ҳудуд атрофида нима бор? Саволлар кўп. Аммо улар қанча бўлишидан қатъи назар, номақбул хатти-ҳаракатлар қонун билан жазоланиши керак».

Фонд директорининг таъкидлашича, технология туфайли бугунги кунда фуқаролар ОАВ билан бир қаторда муаммолар ҳақида хабар беришлари мумкин: «Бу феномен — „фуқаролик журналистикаси“ (citizen journalism). Дарвоқе, Ўзбекистон блогосфераси айнан шундай фуқаролар шарофати билан шаклланди», — деб ёзди у.

Жаҳонгир Азимов «Камиль ўз ҳаракати билан жамоат манфаати — дарахтларни ҳимоя қилмоқда», — деб таъкидлади. Фуқаролар қонун бузилишини кўрсатиб, «жамиятда масъулият туйғусини ва номақбул хатти-ҳаракатларга нисбатан муросасизликни уйғотади», — деб ҳисоблайди у.

Фонд директорининг сўзларига кўра, Камиль Еникеевнинг кейси ҳам «инсоннинг шахсий чегараларини ҳурмат қилиш ва ўзини муносиб тутиш қанчалик муҳимлигини» кўрсатади.

«Камилга энергетик ичимлик сепган Muna Mug компанияси директори ва асосчиси Фаррух Ҳакимовнинг хатти-ҳаракати очиқдан-очиқ қўпол ҳаракатдир. Вазият қанчалик кескин бўлмасин, сувни шунчаки олиб, бошқа бир одамга сепиб юбориб бўлмайди», — деди у.