Ўзбекистон вакили тарихда биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига сайланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов 2025—2028 йилларга мўлжалланган қўмита аъзоси бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

29 май куни БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессияси доирасида қўмитанинг тўққиз нафар аъзоси уч йилга сайланди.

Сайловда Ўзбекистон билан бирга 16 та давлат — Бурунди, Грузия, Миср, Ҳиндистон, Испания, Камерун, Кот-д'Ивуар, Литва, Марокаш, Парагвай, Жанубий Корея, Шимолий Македония, Того, Хорватия, Эфиопия ва Жанубий Африка вакиллари 9 та ўрин учун кураш олиб борди.

Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон номзоди аъзо мамлакатлар орасида энг кўп овоз тўплади. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи марта БМТнинг асосий органларидан бирига аъзо бўлди.

БМТ Ўзбекистон томонидан эришилган аниқ чора-тадбирларни қайд этди: «болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, оиладаги зўравонликка қарши курашиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенглигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича ижобий натижаларга эришилгани, шунингдек, БМТнинг инсон ҳуқуқлари кун тартибидаги барча масалалар юзасидан очиқ мулоқотга тайёрлиги», деб таъкидлайди «Дунё».

«Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли конвенция органига сайланиши мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалар билан конструктив ҳамкорлик қилиш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга содиқлигини намойиш этиш, қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш, шунингдек, бу борада илғор тажриба алмашиш имконини беради», — дейилади хабарда.

Инсон ҳуқуқлари қўмитаси БМТнинг мустақил экспертлардан иборат органи бўлиб, аъзо давлатлар томонидан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг бажарилишини мониторинг қилади. Ушбу пактга 173 та давлат аъзо. Ўзбекистон ушбу халқаро ҳужжатга 1995 йилда қўшилган. Қўмита фаолияти инсоннинг барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўлиқ ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2020 йил кузида илк бор 2021−2023 йиллар учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланганди.

2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Улуғбек Лапасов 2022 йил учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раисининг ўринбосари лавозимига сайланганди.