Тошкент шаҳридаги жамоат жойларида 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этиш режалаштирилган турли «текинга нарса тарқатиш» каби акциялар тўхтатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Хусусан, «Ашхобод» кўнгилочар боғида соат 12:00 да текинга ўйинчоқлар тарқатилиши ҳақидаги ахборот ортидан пойтахт аҳолиси ва меҳмонлардан иборат жуда кўп фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида боғ атрофида тўпланишлари кузатилган.

Бошқа боғларда ҳам шу каби текинга нарса тарқатиш каби акциялар туфайли кучли тартибсизликлар юзага келган.

Оқибатда ҳудудга кириш/чиқиш ва айрим ички йўналишларда тиқилинч вазият ҳамда боққа олиб келувчи ва яқин автомобиль йўналишларида 10 баллгача бўлган тирбандликлар юзага келган.

Тошкент ҳокимлиги ҳам бир кун аввал Magic City боғида 1 тоннали улкан торт тайёрлаш режалаштирилгани ҳақида хабар берган эди.

«Ҳозирда вазият тўлиқ назоратга олинган бўлиб, тиқилинчларни ва йўллардаги тирбандликларни бартараф этиш ишлари жадал амалга оширилмоқда. Юзага келган вазиятда жароҳатланганлар аниқланмаган, тоби қочганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган», — дейилади вазирлик ахборотида.

Тошкент метросининг Сергели-Чилонзор йўналишида ҳам одамлар тўпланиб қолганини кўриш мумкин.

Пойтахт ИИББ қулайлик яратиш мақсадида жамоат транспорти сони кўпайтирилганини маълум қилди.

«Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан шаҳримизда кўплаб маданий тадбирлар ташкил этилган. Бироқ кўплаб фуқаролар тадбирларга шахсий транспортида келаётгани сабабли ҳозирда пойтахтимизда тирбандликлар кузатилмоқда. Шу сабабли сизлардан истироҳат боғлари ва кўнгилочар масканларга шахсий транспорт воситасида келмаслигингизни, жамоат транспортидан фойдаланишингизни тавсия қиламиз», — дейилади бошқарма мурожаатида.