Мактабларда ўқиш тугаб, ёзги таътил бошланиши билан чўмилишга эҳтиёж ошади, болаларни эса хавфсиз чўмилиш ҳавзалари билан таъминлаш муҳим. Бу ҳақда Ўзбекистон болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова «Газета.uz»га маълум қилди.

Болалар омбудсманининг таъкидлашича, ҳозирда бу йўналишда ишлар кетмоқда.

«Биз ҳар бир ҳудудда айнан ана шу шарт-шароитни яратиш орқалигина болалар билан боғлиқ ҳалокатларнинг олдини олиш зарур деб ҳисоблаймиз. Бу ҳақда ҳар бир ҳудуддаги Болалар ишлари бўйича миллий комиссия раҳбарларига — вилоят хокимларига сўров киритганмиз», — деди у.

Сузиш тақиқланган ҳудудларда чўмилмаслик бўйича болалар билан суҳбат олиб борилмоқда. Фото: Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасиСузиш тақиқланган ҳудудларда чўмилмаслик бўйича болалар билан суҳбат олиб борилмоқда. Фото: Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Болалар омбудсмани ҳалокатларнинг олдини олишда назоратни кучайтириш, превентив чоралар, огоҳлантириш муҳимлигини билдирди.

«Болаларнинг ўз атрофида бўлган сув ҳавзаларига бориши ҳолатлари кўпайган. Шунинг учун хавфсизлик масаласига биз ҳам мутасаддилар эътиборини қаратяпмиз. Бундай вазиятда назоратни кучайтириш ҳалокатли ҳолатлар, жумладан, болаларнинг чўкиши билан боғлиқ фожиаларнинг олдини олади», — деди Сурайё Раҳмонова.

Унинг қўшимча қилишича, болаларни тақиқланган жойда чўмилмаслик ҳақида огоҳлантиришнинг ўзигина етарли эмас.

«Тақиқ билан муаммо ҳал бўлиши қийин. Боланинг эҳтиёжлари учун ҳам огоҳлик, ҳам муқобил хавфсиз сув ҳавзалари керак», — деб ҳисоблайди у.

Сурайё Раҳмонова, ўз навбатида, боланинг хавфсизлиги ва соғлиғи учун таътил вақтида ота-она масъул эканини эслатиб, болаларга эътиборлироқ бўлишга чақирди.