Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев журналист ва блогрелар билан матбуот анжуманида халқ пули давлат бюджетига ўтса, у давлатнинг пулига айланишини айтган видео тарқалди.

Матбуот анжуманида қашқадарёлик блогерлардан бири Умид Каримов давлат хизматчиларини ижтимоий тармоқларларда танқид қилиш тақиқланадиган бўлса, улар давлат бюджетидан ойлик олмаслиги кераклигини, чунки амалдорлар халқ тўлаган солиқлардан ойлик олаётганини айтган.

Бошқарма раҳбари эса бу фикрларга қўшилмаслигини ҳамда халқ пули деган нарса йўқлигини таъкидлаган.

«Мана шу нарсага — биз тўлаган солиқ деган тушунчага аввалдан тортишаман. Солиқни ҳамма тўлайди, битта сиз эмас. Шу жумладан, ўша ойлик оладиган ходимнинг ўзи ҳам тўлаган солиғининг маълум бир қисми айланиб ўзга келади. Демак, халқ пули, халқ мулки деган нарса давлат бюджетига ўтдими, ўз-ўзидан у давлатнинг пулига айланади. У қандай йўл билан шаклланиши — иккинчи масала. Чунки унда ҳамма иштирок этади», — адлия бошқармаси вакили.

Блогер, шунингдек, амалдордан қачондир ишдан бўшаб, журналистларга мурожаат қилиш керак бўлган пайтда бу фикрлаши билан қандай йўл тутишига ҳам қизиққан.

«Ўша пайтдани қонунлар қандай бўлса, ўша қонунларни ҳурмат қиламан. Чунки бошқа вариант ҳам йўқ», — дея жавоб берган Салоҳиддин Нуриев.

Маълумот учун, Нуриев 2024 йилнинг февралидан буён вилоят адлия бошқармасига раҳбарлик қилиб келади. Бунгача у 2019 йилдан буён Самарқанд вилояти бошқармасида ишлаб келган.

Адлия вазирлиги муносабати

Адлия вазирлиги ҳозирда мазкур ҳолат вазирлик томонидан ўрганилаётгани, ўрганиш якунлари бўйича ҳолатга баҳо берилишини билдирди.

Шу билан биргаликда, давлат органлари ўз фаолиятида халқ олдида ҳисобдор эканлиги Конституцияда белгилаб қўйилгани, шу жумладан, Адлия вазирлиги фаолияти жамоатчилик олдида қатъий ҳисобдорлик принципи асосида ташкил этилганини эслатиб ўтди.

Хусусан, Ўзбекистон Конституциясига кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.

Барча фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари белгиланган тартибда, шу жумладан давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши мумкин, дейилади хабарда.