Суд Тошкентдаги «Ашхобод» боғи раҳбарига нисбатан маъмурий қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди, деб хабар бермоқда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати.

Кўнгилочар боғ маъмурияти ижтимоий тармоқларда 1 июнь куни соат 12:00 да текинга 20 мингта ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ҳақида реклама чиқарган. Бироқ бир вақтнинг ўзида ўйинчоқ олувчи ва кузатувчилар билан тахминан 40 минг нафар фуқарони боғ ҳудудида жамлашнинг имкони бўлмаслиги, шунингдек, йўл ҳаракати ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш талабларга жавоб бермаслиги сабабли бу тадбирни ўтказмаслик ҳақида боғ раҳбарияти огоҳлантирилган.

«Лекин боғ маъмурияти оммавий тадбирларни ўтказиш талабларига риоя этмасдан, текинга ўйинчоқлар тарқатилиши ҳақидаги рекламани ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, боғ ҳудудида ва унинг атрофида аҳолини оммавий равишда тўпланишига сабабчи бўлган ва бу ҳаракати орқали фуқароларга хавф туғдирган», — дейилади хабарда.

Натижада боғ ҳудудидига кириш-чиқиш ва айрим ички йўналишларида тиқилинч вазият ҳамда боққа олиб келувчи ва яқин автомобиль йўналишларида тирбандликлар юзага келган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳаракати билан бу тирбандликлар бартараф этилиб, фуқаролар тинч тарқатилган.

Ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИБ томонидан боғ директори А.Н. (1981 йилда туғилган), директор ўринбосари А.З. (1987) ва реклама бўлими бошлиғи Д.Т. (1994)га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185−3 (Ўзбекистон ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши), 200−1 (Оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш), 201-моддасига (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан ушбу фуқароларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сонли қарори талабига кўра, оммавий тадбирни ўтказишга рухсат олиш учун бир ой олдин мурожаат қилиш лозим, дея эслатган бошқарма.