2 июнь куни соат 13:30 да Qatar Airways авиакомпаниясининг Доҳа-Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларининг биринчи рейси Тошкент аэропортига учиб келди. Бу ҳақда илк қатновни кутиб олиш маросимида қатнашган «Газета.uz» мухбири хабар қилди.

Ҳамад аэропортидан 10:28 да учиб кетган Airbus 320 самолёти 3 соатда Ўзбекистонга етиб келди. Анъанага кўра, самолёт сув аркаси билан тантанали равишда кутиб олинди.

Йўловчи рейслари ҳафтасига тўрт марта — душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари Airbus А320 самолётларида амалга оширилади. Кейинчалик парвозлар ҳар куни қўйилиши режалаштирилган.

Авиакомпания Ўзбекистонга авиақатновларни амалга ошириш учун 2021 йилнинг сентябрида рухсатнома олганди.

«Биринч пароз аслида 2023 йилда давлат раҳбарлари ўртасидаги ташрифлар бўлган, улар мазкур янги қатнов учун пойдевор бўлди. Ўзбекистон Қатарни Яқин Шарқдаги истиқболли иқтисодий ҳамкор деб билади. Кутилаётган муҳим натижалардан бири бу Ҳамад аэропорти ва Qatar Airways компаниясининг йўловчи ва мижозларга бўлган хизмат кўрсатиш даражасини Тошкент аэропорти учун импорт қилишга ҳаракат қиламиз», — деди Uzbekistan Airports раҳбари в.б. Жавлонбек Умархўжаев.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент компания учун Марказий Осиёга қатнов йўлга қўйган Олмаотадан кейин иккинчи шаҳар ҳисобланади. Бироқ Жавлонбек Умархўжаев кўрсаткичлар бўйича минтақада Тошкент биринчи бўлишга ишонч билдирди.

Жавлонбек Умархўжаев.Жавлонбек Умархўжаев.

Uzbekistan Airports 2023 йилда 7 миллион йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткични 8,5 миллионга етказиш режалаштирилган. Бунда Qatar Airways`нинг ўрни юқори бўлади, дея таъкидлади Uzbekistan Airports раҳбари.

«Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги муносабатлар узоқ муддатли бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликка асосланган. Келгусида биз Тошкентга парвозлар частотасини ошириш ҳамда Бухоро ва Самарқандга рейсларни йўлга қўйишни ҳам кўриб чиқяпмиз», — деди авиакомпаниянинг Шарқий ҳудудлар бўйича бош вице-президенти Марван Колейлат.

Маълумот учун, Qatar Airways бош қароргоҳи Доҳада жойлашган Қатар миллий авиакомпанияси ҳисобланади. Авиакомпания дунё бўйлаб 170 дан ортиқ йўналишларга парвоз қилади.

Компания кўплаб нуфузли мукофотларни қўлга киритган ва Skytrax томонидан етти марта «Дунёнинг энг яхши авиакомпанияси» деб топилган.